# Tags
#Помощь юриста #Юридик ёрдам

Банкротлик тўғрисида

Банкротлик тушунчаси, мурожаат қилиш тартиби ва банкротлик ишини қўзғатиш асослари

Муаллиф: Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси Алимардонов Тура Шодмонович

Калит сўзлар:

Банкротлик – иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги;

Келишув битими – тарафларнинг суд низосини ўзаро ён бериш асосида тугатиш тўғрисидаги битими;

Кредиторлар – қарздор пул мажбуриятлари бўйича ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбуриятини бажариш бўйича қайси юридик ёки жисмоний шахс олдида жавобгар бўлса, айни шу юридик ёки жисмоний шахслар;

Суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) – банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс;

Қарздор — пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс (агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса).

Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуни билантартибга солинади.

2003 йил 24 апрел куни Ўзбекистон Республикасининг «Банкротлик тўғрисида»ги қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.

Банкротлик (ital. –“Bancarotta” — “синган курси”) — қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслигидир. Унинг аломатлари:

  • агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса — олти ой ичида бажарилмаган бўлса;
  • агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса.

Банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилади. Пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга.

Қарздор ва кредитор банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир таомилларни қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.

Мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги муносабати билан қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.

Қарздор юридик шахс қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг қарори ёхуд қарздор мол-мулкининг эгаси томонидан вакил қилинган органнинг қарори асосида банкротлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилади.

Қарздорнинг аризаси билан қуйидаги ҳолларда қарздорнинг раҳбари, қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс иқтисодий судга мурожаат этиши шарт:

  • бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса;
  • қарздорнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган қарздор юридик шахс органи томонидан қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса;
  • қарздор унитар корхона мол-мулкининг эгаси ваколат берган орган томонидан қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;
  • ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилганда бундай ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўяди деб ҳисоблашга асослар бўлса.

Тугатиш комиссияси (тугатувчи), агар юридик шахс тугатилаётганда кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш имконсизлиги аниқланган бўлса, қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиши шарт.

Кредиторлар ва кредиторларнинг йиғилиши. Банкротлик таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини қонунга мувофиқ тузиладиган кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади. Иқтисодий суд банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган пайтдан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қаноатлантириш мақсадида якка тартибда мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Ҳамма кредиторлар номидан қарздорга нисбатан барча ҳаракатлар кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Кредиторлар йиғилишида қарздор ходимларининг вакили, суд бошқарувчиси, қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этади.

Банкротлик тўғрисидаги ишда ягона кредитор иштирок этган ҳолларда кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатларига тааллуқли қарорларни қабул қилишни шу кредиторнинг ўзи амалга оширади.

Кредиторлар йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига қуйидаги қарорларни қабул қилиш киради: келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор, кредиторлар қўмитаси аъзоларини сайлаш, қўмитанинг миқдорий таркибини белгилаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарор, суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш ва уларнинг муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор, қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор, суд санациясининг режасини тасдиқлаш ҳамда қарзларни узиш жадвалини маъқуллаш ҳақидаги қарор, ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор.

Кредиторлар йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш суд бошқарувчиси томонидан амалга оширилади.

Кредиторлар йиғилиши, башарти унда қарздорнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлари умумий суммасининг камида учдан икки қисми миқдорида талаблар билдираётган, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган кредиторлар ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади. Кредиторлар йиғилишда ўз вакиллари орқали ҳам иштирок этиши мумкин. Кворум мавжуд бўлмаган тақдирда, ўн кунлик муддат ичида кредиторларнинг такрорий йиғилиши чақирилади, башарти йиғилишни ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида кредиторлар лозим даражада хабардор этилган бўлса, такрорий йиғилиш ҳозир бўлган кредиторларнинг сонидан қатъи назар, ваколатли ҳисобланади.

Кредитор ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган суд қарори, кредиторлар йиғилишининг қарори, суд бошқарувчисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек банкротлик таомилини амалга ошириш чоғида суд бошқарувчиси унинг талабларини қаноатлантиришни рад этганлиги устидан шикоят беришга ҳақли.

Агар кредитор қарздорга тааллуқли тан олинган талабларни сақловчи бўлса, кредиторлар йиғилишида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Кредиторлар йиғилишида баённома юритилади.

Кредиторга, ваколатли органга, шунингдек кредиторлар йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бошқа шахсга кредиторлар йиғилиши ўтказилиши ҳақидаги хабар кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин почта алоқаси орқали ёки бундай хабар кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган санадан камида беш кун олдин олинишини таъминловчи бошқа усул билан юборилиши керак.

Кредиторни ёки кредиторлар йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бошқа шахсни шахсан хабардор қилиш учун зарур маълумотларни аниқлаш имкони бўлмаганда ёхуд мазкур шахсларни шахсан хабардор этиш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда кредиторлар йиғилиши ҳақидаги хабарнинг расмий нашрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда эълон қилиниши ана шундай шахсларни тегишли равишда хабардор этиш деб эътироф этилади.

Овозга қўйилган масалалар бўйича кредиторлар йиғилишининг қарори йиғилишда ҳозир бўлган овоз бериш ҳуқуқига эга кредиторларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир кредитор кредиторлар йиғилиши ўтказилаётган санадаги ҳолатга кўра умумий кредиторлик қарзидаги ўз улушига мутаносиб овозлар сонига эга бўлади.

Кредиторлар йиғилиши қуйидаги қарорларни овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган барча кредиторларнинг кўпчилик овози билан қабул қилади:

  • келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор;
  • суд санациясини ёки ташқи бошқарувни жорий этиш, унинг муддатини узайтириш ёки уни муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор;
  • қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисидаги қарор;
  • суд бошқарувчисини тайинлаш, алмаштириш ёки вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақидаги қарор.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир гуруҳ кредиторлари овоз беришда иштирок этиш учун тенг ҳуқуққа эга.

Суд бошқарувчилари. Олий маълумотга ҳамда камида икки йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органида аттестациядан ўтган шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин.

Қарздор юридик шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади: кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув, тугатишга доир иш юритиш.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилади.

Банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор давлат рўйхатидан ўтган ердаги иқтисодий суд томонидан қўзғатилади.

Қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Банкротлик тўғрисидаги ишда қарздор, суд бошқарувчиси, кредиторлар, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва прокурор иштирок этувчи шахслар деб ҳисобланади.

Банкротлик жараёнида юзага келган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади. Банкротлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ҳулоса сифатида қайд этиш керакки, миллий иқтисодиёти тобора равнақ топаётган мамлакатимизда асосий мақсад — тадбиркорлик субъектларини банкрот қилиш эмас, балки уларни моддий ва молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга кўмаклашишдан иборатдир.

Фойдаланилган манбалар:

1. https://enc.for.uz/wiki/Bankrotlik

2. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги «Банкротлик тўғрисида»ги 474-II-сон Қонуни; 3. Азизов Худойқул Тожиевич Банкротликни ҳуқуқий тартибга солиш. Дарслик. – Т.: ТДЮУ нашриёти, 2016.

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *