# Tags
#Кураш

ДЗЮДО – МАҲОРАТЛИЛАР СПОРТИ

ёхуд афсонага ойдинлик киритаётган спортчилар ҳақида

Халқимизда яхши хабарнинг қаноти бўлади, деган ажойиб ибора бор. Ҳақиқатан ҳам Сурхон дзю-до мактабининг шижоатли вакилларидан бири – Шарофиддин Лутфуллаев олис Японияда дзюдо кураши бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида зафар қучганлиги ҳақидаги севинчли хабар мамлакатимиз бўйлаб яшин тезлигида тарқалди…

Спорт оламининг кўп сонли мутахассисларн ҳамда тажрибали мураббийларнинг таъкидлашича, якка курашнинг дзюдо тури ватани кунчиқар мамлакат – Япония ҳисобланар экан. Ва, яна айтишадики, дунёнинг турли минтақаларида бу спорт турини мукаммал эгаллаш бўйича японларга етадигани йўқ экан. Негаки, жуда қадимий спорт турларидан бири бўлган дзюдо, аслида, унинг асл моҳиятини тушунганлар учун юксак маҳорат ва ғайратни, кучли ирода ҳамда чуқур ақл-заковатни, ўткир фаҳм-фаросатни талаб этадиган санъат ҳисобланаркан. Бундай хусусиятларга эса бирор-бир спорт турини ижод этган миллатгина эга бўлар экан. Чунки спортнинг бу турини танлаган кишида куч ва ғайратдан ташқари, йилдирим мисол фикрлай олиш қобилияти, қўлланиладиган ҳар бир усулни, кураш пайтида бажариладиган ҳаракатларни чеварлик билан бажара олишдек юқори иқтидор ҳамда истеъдод бўлиши шарт экан. Акс ҳолда, яъни билагидаги “қора куч”га ишониб иш тутиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмас экан…

Бундай таърифу, афсонамонанд фикрлар замирида қанчалик ҳақиқат борлигини билмадиму, лекин бизнинг сўлим Сурхон воҳасидан кейинги йилларда етишиб чиққан серғайрат курашчи-полвонлар ана шундай афсоналарга бир қадар ойдинлик киритиб, асрлар оша одамлар хаёлида ўрнашиб қолган бирёқлама фикрларни тумандай тарқатиб юборганлиги рост гап, бор ҳақиқат. Чунки бошқа Сурхондарёлик полвонларни қўятурайлигу, биргина дзюдо кураши устаси Шарофиддин Лутфуллаев нақ Япониянинг ўзида, демак, турфа афсоналарга хамиртуруш бўлиб келаётган дзюдо кураши ватанида шов-шувларга арзигулик ғалабага эришиб қайтди. Бу қувончли хабарни эшитгач, кўнгилнинг бир четида ҳамон ғимирлаб турган иккиланишга ўхшаш бир ҳис ўз-ўзидан тумандай тарқаб кетди, гўё. Чунки баъзилар қатори мен ҳам дзюдо ҳақидаги афсоналарга бир ишониб, бир ишонмай юргандим. ҳамюртимизнинг ушбу ғалабаси кўнглимдаги шубҳани бер четга сиқиб чиқариб ташлаб, унинг ўрнини ҳаёт ҳақиқатларига ишонч, полвонларимиздан фахрланиш туйғулари билан тўлдирди.

Гап шундаки, 1990 йилда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида таваллуд топган Шарофиддин Лутфуллаев яқинда жорий йил 2019 йилда Токио шаҳрида спортнинг дзюдо кураши бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 60 килограммли вазн тоифасида чемпионатнинг финалигача етиб бориб, кумуш медаль соҳиби бўлди. Бу ғалабага эса у осонликча эришмади. Аксинча, бор маҳоратини ишга солиб кучли рақибларига тенг даражада ақл-фаросат, чидам, қунт ҳамда қатъият билан кураш тушгани учун ҳам аввал финалга чиқди. Сўнгра, чемпионатнинг обрўли кумуш медалини қўлга киритди.

Бу ғалаба ҳамюртимиз Шарофиддин Лутфуллаевга ўз-ўзидан насиб этгани йўқ, деган фикримиз замирида катта маъно бор. Чунки у чемпионатнинг финал босқичига кўтарилгунча, унча-бунча зўр полвонлар билан куч синашган эмас. Финалда эса Шарофиддин жаҳон ва Европа чемпиони унвонларига эга бўлган спортчи билан яккама-якка кураш олиб борди. Чунки унинг кураш гиламидаги рақиби грузиялик машҳур дзюдо устаси – Лухуми Чхивимиани эди.

Спорт олами аҳли 1993 йилда Грузиядаги Местиа қўрғонида туғилган бу иқтидорли спортчини яхши танийди. Ўзи туғилиб ўсган кичиккина қўрғонда жуда ёшлигидан якка курашнинг самбо ҳамда дзюдо турлари билан фаол шуғуллана бошлаган Лухумидаги тиришқоқликни яхши англаган тренерлари уни 2010 йилда Тбилисидаги машҳур “Динамо” спорт клубига жўнатганлар. Шу тариқа, ўз мамлакати пойтахтига етиб келган Лухуми Чхвимиани янада фаоллик ва ғайрат билан машғулот ҳамда машқларни давом эттирган. Натижада орадан тўрт йил ўтиб, яъни 2014 йилдан эътиборан 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида дзюдо бўйича эркаклар миллий терма жамоаси таркибида майдонга туша бошлаган.

Спорт оламидаги ўз таржимаи ҳолини яхши натижалар билан бойитиб борган Лухуми Чхвимиани 2016 йилда Рио-де Жанейрода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларининг саралаш босқичидан муваффақият билан ўтган. 2019 йилнинг июнида эса, Белорусиянинг Минск шаҳрида дзюдо бўйича ўтказилган II Европа ўйинлари ва Европа чемпионатининг ҳамкорликдаги турнирида 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида беллашувларда иштирок этиб, чемпионлик унвонига эга бўлган. Чунки, у ушбу турнирнинг финал босқичида испаниялик рақиби – Франсиско Гарригос устидан ғалаба қозонишга эришган. Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, ҳарқалай, дзюдо бўйича Европа чемпионати одатдаги анъанага кўра, нуфузли саналади. Шунинг учун ҳам Минскда бўлиб ўтган мусобақалар Европа биринчилиги сифатида эътироф этилади.

Хуллас, Шарофиддин Лутфуллаевнинг рақиби ана шундай бой тажриба ва малакага эга спортчи эди. 2019 йилда Токиода бўлиб ўтган олимпиада олди жаҳон чемпионатида ҳамюрт спортчимиз ана шу таниқли дзюдо устаси финалда беллашгани қанчалик фахрлантирса, бир неча қимматли лаҳзаларни бой бериб мағлуиятга учрагани ўшанча афсуслантирди. Ана шу қисқагина “бой бериш” натижасида ғалаба нашидаси Шарофиддинга эмас, рақиби Лухумига насиб этди. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Лухуми Чхвимиани яна бир грузин спортчиси – енгил вазн тоифсидагилар рейтингини бошқариб бораётган ҳамда беллашувларда 2741 очко тўплашга улгурган Роберт Мшвидобадзенинг ҳамюрти бўлади. Шарофиддин Лутфуллаев ана шу спортчидан 200 балл кўпроқ очко тўплашга муваффақ бўлганди.

Агар Шарофиддин Лутфуллаевнинг ҳозирга қадар босиб ўтган спорт йўлига назар ташланса, у чиндан ҳам зафарлар сари босқичма-босқич, поғонама-поғона дадил бораётганлигини кўриш мумкин. Рост, бу йўлда ғалабалар ҳам, мағлубиятлар ҳам бор. Бу табиий ҳол, албатта. Лекин, ҳеч бир шубҳасиз, Шарофиддиннинг спортга оид таржимаи ҳолида ютуқли саҳифалар кўп ва уларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Биз юқорида мавзу талабидан келиб чиқиб, гапни Шарофиддин Лутфуллаевнинг кейинги муваффақиятлари тўғрисида самимият билан бошлаган эдик. Аслида эса, унинг ҳаётида зафарли онлар, ғолибликлар, совринлар кўп. Келинг, шу ҳақда ҳам бир неча мисол келтириб ўтайлик.

Масалан, 2013 йилда Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтган Гран-при туркумидаги Халқаро турнирда бу пайтга қадар Ўзбекистон кубогини қўлга киритиб улгурган 23 ёшли ҳамюртимиз – спорт оламида “Пони” лақаби билан танилган Шарофиддин Лутфуллев куннинг энг шов-шувли воқеасини содир этди деса, бўлади. Чунки турнирнинг чорак финали бўлаётган кунда кўпчиликка нотаниш бўлган ўзбек дзюдочиси икки ҳамла биланоқ, рақибидан устунликка эришган эди. Рақиби эса 2012 йилда Лондонда ўтказилган олимпиадада ғолибликни қўлга киритиб, Россия спорти тарихида биринчи марта дзюдо кураши бўйича олимпиада чемпиони унвонига сазовор бўлган, Россия қаҳрамони дея эътироф этилган россиялик Арсен Галстянни эди. Ўрни келганда эслатиб ўтиш зарурки, Галстян Лондонда бўлиб ўтган ўша унутилмас олимпиада ўйинлари пайтида олтин медални қўлга киритганди. Бу “олтин” Россиялик спортчилар кейинги йигирма икки йил давомида қўлга киритган биринчи катта ютуқ эди. Ўшанда у ярим финалда Ўзбекистонлик уч карра кумуш медаль соҳиби Ришод Собиров устидан ғалаба қозонган, финалда эса япониялик спортчи Хироаки Хираокуни мағлубиятга учратиб, олтин медалга эгалик қилганди.

Амалдаги йил ҳисобидан Ўзбекистонлик спортчи Шарофиддин Лутфуллаевнинг Париж шаҳрида ўтказилган “Катта шлем” туркум мусобақалар турнирида бронза медалини қўлга киритганлиги ҳам мухлислар учун яхши туҳфа бўлди. Бу ҳақда Халқаро дзюдо федерацияси сайти орқали хабар /қилинди. Хабарга кўра, 2019 йилнинг 10-11 февраль кунлари бўлиб ўтган мусобақаларда дунёнинг 71 мамлакатидан (Ўзбекистондан 4 нафар спортчи) 403 нафар дзюдо кураши усталари Парижда йиғилишган. Икки кун давом этган беллашувларда 60 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Шарофиддин Лутфуллаев япониялик кумуш медаль соҳиби Тоору Сисимэга қарши майдонга тушган. Лекин кичик устунлик билан беллашувни бой берган. Ушбу турнирда франциялик Седрик Револ ва Эшли Маккензи кумуш медални қўлга киритишган.

Кумуш медаль учун кураш олиб борган Ўзбекистонлик дзюдочи Шарофиддин Лутфуллаев Жанубий Корея вакили Харима Ли ва бразилиялик спортчи Филипе Пелима устидан ғалаба қозонган. Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, Шарофиддин Лутфуллаев ҳам 2018 йилда Парижда бўлиб ўтган “Катта шлем” беллашувларида кумуш медаль соҳиби бўлганди.

Гарчанд, Шарофиддин Лутфуллаев ҳақида ҳикоя қилишдан бир оз четлашгандай туюлса-да, муҳим бир тафсилот тўғрисида тўхталиб ўтмасам бўлмас. Гап шундаки, дзюдо кураши бўйича Сурхондарё мактаби вакиллари ҳам 2020 йилда Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берадиган лицензияни олишга даъвогарлардан бири саналишади. Айни кунларда ана шу йирик спорт анжуманида муносиб қатнашишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон дзюдо терма жамоасининг сурхондарёлик аъзолари – Шарофиддин Лутфуллаев, Бекмурод Олтибоев, Яҳё Имомов ва ҳикматилла Тўраевлар яккакурашчи саналадилар ва яқин келажакда – яъни, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида иштирок этадилар. Сурхондарё вилоят дзюдо федерацияси раҳбари Беҳзод Тўрабоев томонидан ишлаб чиқилган маххсус иш режасига кўра, Сурхон воҳаси дзюдо мактаби тарбияланувчилари орасидан ярим енгил, ўрта ва энг оғир вазн тоифасидаги ёш спортчилар заҳира гуруҳи шкллантирилди. Шундай бўлса-да, йирик халқаро мусобақаларда шубҳасиз биринчиликни олишига кўпроқ даражада ишонса бўладиган спортчилар билан ҳам қатъий тартиблар асосида машқлар олиб борилмоқда. Ана шу ишончли гуруҳда:

Биринчи ишончли спортчи 60 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги Сурхондарё вилояти Ангор туманида таваллуд топган Шарофиддин Лутфуллаев . Бу спортчи мутахассис ҳамда тренерларнинг алоҳида эътибор марказида турганлигини мамнуният билан қайд этиб ўтиш керак. Чунки унинг номи 3607 очко жамғарган спортчи сифатида дунё бўйича тузилган дзюдочилар рўйхатнинг энг юқорисида турибди.

Иккинчи ишончли спортчи 100 килограммдан ортиқ вазн тоифасидаги курашчи – Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида таваллуд топган Бекмурод Олтибоев. Жаҳон миқёсида тузилган рейтинги бўйича олтинчи поғонанини эгаллаб турган бу воҳдош спортчимиз ўз аҳволини энг оғир вазн тоифасида ўнглаб олиши мумкин. Бунинг маъноси шуки, Бекмурод Олтибоевда 11 позициядан яна олтинчи поғонага қайтиш имкони бор. Бу спортчи ҳақида қўшимча тарзда шуни айтиш мумкинки, унинг спорт оламидаги лақаби “Монгол”, 1 Республика Олимпия заҳиралари колллежининг кураш бўлимида таҳсил олган. Бекмурод Олтибоев Республика дзюдо миллий терма жамоасининг аъзоси. 2016 йилда ҳиндистонда ёшлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда жаҳон чемпиони унвонини олган. 2017 йилда эса Боку шаҳрида ўтказилган Ислом ўйинлари беллашувларида қатнашиб, кумуш медаль совриндори бўлган. Шунингдек, у 2017 йилда Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилган Халқаро кураш турнирининг кумуш медалига сазовор бўлган.

Учинчи умидли спортчи 73 килограмм вазн тоифасидаги Сурхондарё вилояти Кумқўрғон туманида таваллуд топган Ҳикматилла Тўраев ҳисобланади. ҳисоб ҳудудида у 13-ўриндан 17-ўринга ўтган, шунинг учун ҳам ўз аҳволини сезиларли даражада яхши томонга ўнглаб олиш учун бу спортчига имкон берилади. ҳарқалай, у Сурхондарё вилоят дзюдо федерацияси томонидан ана шундай ўзгариш ясаш мақсадида шахсан тайрланган. Чунки ҳикматилла Тўраев Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси аъзоси, 2017 йилда Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилган Халқаро кураш турнири ғолиби. Дзюдо кураши бўйича ўтказилган халқаро “Мастерс”, “Катта шлем”, “Гран-при” турнирларида совриндор ўринларни ишғол этган.

Тўртинчи ишончли спортчи 90 килограмм вазн тоифсидаги Сурхондарё вилояти Денов туманида таваллуд топган Яҳё Имомов ҳисобланади. У 2017 йилда Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилган Халқаро турнирнинг ғолиби бўлган. Турнирда 90 килогрммгача вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, ўз мухлисларини шод этган. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Яҳё Имомов яхшигина номдор курашчи. Чунки у 2012 йилда Лондонда бўлиб ўтган Олимпиадада иштирок этган. 2011 йилда Тошкентда бўлиб ўтган дзю-до кураши бўйича мусобақаларда қатнашиб кумуш медалга сазовор бўлган. Шунингдек, 2012 йилда Прага шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубоги беллашувларида кубок соҳиби бўлган. Шу йили “Катта шлем” мусобқалари ғолиби сифатида яна кубокни қўлга киритган. 2013 йилда Парижда ўтказилган Бутунжаҳон универсиадасида ҳамда ғозон шаҳридаги беллашувларда кумуш медаль соҳиби бўлган. Бундан ташқари Яҳё Ғуломов ёшлар ўртасида кураш бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланади. 2008 йилда Туркиянинг Истамбул шаҳрида, 2009 йилда Алушта шаҳрида бўлиб ўтган кураш бўйича Жаҳон кубоги беллашувларида қатнашиб, кубок эгаси бўлган. Яҳё – кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси. 2013 йилда Тюмень шаҳрида дзюдо кураши бўйича ўтказилган ECCO Judo Team Challenge: Europe vs Asia (“Европа–Осиёга қарши”) халқаро турнирининг ярим финал беллашувларида Яҳё Имомов грузиялик дзюдо устаси, 2013 йилда Европа чемпиони, 2013 йилда Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби – Автандил Чирикишвилини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлган спортчи.

Яҳё Имомовнинг спорт билан боғлиқ таржимаи ҳолига оид яна бир эсда қоларли воқеани эслатиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Гап шундаки, муваффақиятсиз қуръа ташлаш натижасида, 2008 йилда Пекинда бўлиб ўтган Олиимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори, 2010 йилда Токиода дзюдо кураши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида чемпионлик унвонига сазовор бўлган Жанубий Кореялик Джеа-Бум Ким билан беллашиш Яҳё Имомов чекига тушди. Истиқболли ёш ўзбек дзюдо устаси учун бу беллашув осон кечмади. У беллашувнинг охирига қадар рақиби билан ҳақиқий дзюдочига хос тарзда муносиб кураш олиб борди. Фақат қўшимча белгиланган вақт давомидагина рақибининг қўли бир оз устун келди ва Джеа-Бум Ким ғолиб деб эълон қилинди.

Ўрни келганда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида номлари санаб ўтилган барча умидли ёш дзюдочилар учун 2008 йилда бўлиб ўтган Пекин олимпиадсида кумуш медаль соҳиби бўлган воҳадош полвонимиз Абдулла Тангриев ибрат намунасини ўтади. Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида таваллуд топган бу машҳур спортчи-полвон 2011 йилда Россия Федерациясининг Тюмень шаҳрида дзюдо бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида мутлоқ ғолибликни қўлга киритган эди. Мамнуният билан қайд этиш керакки, Пекин олимпиадасида енгилмас ва афсонавий франциялик дзю-до устаси, дзюдочилар рейтингида жаҳон бўйича биринчи ўринни эгаллаб турган Тедди Ринер устидан ғолиблик қилган Абдулла Тангриев, дунёдаги ягона дзюдочи-курашчидир. Абдулла Тангриев ҳақида гапирганда, у 2012 йилда Лондонда, 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де Жанейро олимпиадалари чемпиони бўлганлигини, умуман олганда эса, бу полвон 10 карра жаҳон чемпиони, уч карра Европа чемпиони бўлганлигини эслатиб ўтиш керак. Шунингдек, Абдулла полвон Тангриев французларнинг миллий ифтихори сифатида эътироф этилган. Бу воҳадошимиз 2005 йилдаёқ, Осиё чемпионати пайтида Осиё минтақасининг энг кучли дзюдочиси ҳисобланмиш Токохаши Хироаки устидан соф ғалабага эришган эди. Абдулла Тангриевнинг айнан ана шу ғалабасидан сўнг, ўзбек дзюдочилари руҳи кўтарилди. Абдулланинг издошлари сони эса ортиб кетди.

Шарофиддин Лутуфуллаев ҳақидаги ҳикоямизни афсоналар билан боғлиқ мулоҳазалар билан бошлаган эдик. Келинг, ҳикоямизга якун ясашдан аввал,яна шу мулоҳазаларимизга қайтайлик. Ёдингизда бўлса, 2005 ва 2008 йилларда бўлиб ўтган олимпиада ўйинларида Абдулла тангриев, 2009 йилда Голландиянинг Роттердам шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбек дзюдочи-курашчиси Мирали Шарипов 66 килограмм вазн тоифасида яна бир машҳур япон дзюдо устаси – олимпиада чемпиони Масато Учишини мағлубиятга учратгандан сўнг, бу пайтгача дунё бўйлб кезиб юрган афсоналарга – гўё, японлар дзюдо курашининг асосчилари, улардан бошқа ҳеч ким курашнинг бу турида ғалаба қозона олмайди, деган тушунчаларга нуқта қўйди.

Ҳа, дзю-до бир миллатга мансуб, фақат шу миллат вакилигина ҳар қандай ютуққа эриша оладиган спорт тури эмас. У барча кучли спортчилар бирдек шуғуллана оладиган, ўзлаштирадиган, йирик халқаро беллашувларда ғолиблик нашидасини суришга имкон берадиган спорт туридир. Бир сўз билан айтганда, дзюдо – маҳоратлилар курашиб, ютуққа эришадиган спорт туридир.

Ҳақиқатан ҳам Термиз шаҳрида ўтказиб келинаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаган турнирнинг халқаро мақоми эга бўлиши ҳамда жаҳон узра нуфузи юқори эканлиги якка кураш оламида тан олиниб, эътироф этилган. Кўплаб хорижий давлатларнинг полвонлари ўзбек миллий курашига қизиқиш кўзи билан қараб, турнирда иштирок этиш истагини билдираётгани ана шундай далолат бериб турибди. 1993 йилдан буён орадан ўтган давр мобайнида ушбу Халқаро турнирда иштирок этиб, ғолиблик учун курашга тушган чет эллик полвонлар сони тобора ортиб бораётганлиги ҳам юқоридаги фикримизнинг яна бир далил-исботидир. Энг муҳими, дунёнинг турли минтақаларида яшаётган энг номдор спортчилар ушбу турнирда бажону дил иштирок этмоқда. Бундай полвонлар орасида жаҳон чемпионларининг кўплиги, Олимпиада ўйинларида дзю-до кураши бўйича дунё танийдиган совриндорларнинг борлиги унинг нуфузи тобора ортиб бораётганлигидан хайрли иншона. Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай номдор полвонларнинг айримлари билан таништириб ўтамиз:

Давид Хахалейшвили – Барселонада 1992 йилда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари чемпиони.

Армен Багдасарян – 1996 йилда Атлантада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг кумуш медали соҳиби.

Индрек Пертельсон – эстониялик дзюдочи, 100 килограмм вазн тоифасида 2000 йилда Сиднейда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада ҳамда 2004 йилда Афинада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг икки карра кумуш медали совриндори.

Карлос Эдуардо Хонорато – 90 килограмм вазн тоифасидаги бразилиялик дзюдочи полвон, 2000 йилда Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори, 2003 йилда Япониядаги Осака шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатининг дзю-до кураши бўйича чемпиони.

Абдулла Тангриев – Пекинда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори.

Рафаэл Карлос да Силва – 100 килограмм вазн тоифасидаги бразилиялик дзю-до кураши устаси. 2012-Лондон ҳамда 1016-Рио Олимпиада ўйинларида кумуш медаль билан тақдирланган.

Александр Вячеславович Михайлин – 2012 йилда Лондонда бўлиб ўтган Олимпиаданинг кумуш медали совриндори, 4 карра жаҳон чемпиони, 6 карра Европа чемпиони, 10 карра Россия чемпиони.

Шуни ҳам мамнуният билан қайд ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий ҳазратлари хотирасига бағишлаб ўтказилаётган халқаро турнир туфайли аллома юртдошмизнинг мақбарасини зиёрат қилиш – сайёрамизнинг энг кучли курашчи полвонлари ҳамда дзю-дочилари учун яхши анъанага айланиб қолди. Чунки қайси давлатдан бўлмасин, ўзбек миллий кураши бўйича Термизда ўтадиган Халқаро турнирда қатнашиш учун келадиган меҳмон полвонларнинг ҳаммаси, биринчи навбатда, ал ҳаким ат-Термизий бобомизнинг мақбарасини зиёрат қилгани албатта борадиган бўлди.

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *