# Tags
#Юридик ёрдам

Суғурта тушунчаси, суғурта шартномалари шакли ва тузиш тартиби

Муаллиф: Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси Жумаев Диёр Бозорович

Суғурта шартномаси билан боғлиқ атамалар:

Суғурта — маълум воқеалар (суғурта ҳодисаси) юз берганда жисмоний ва юридик шаxсларининг мулкий манфаатларининг ҳимояси бўйича муносабатларни англатувчи атама. Ҳимоя манфаатлари ҳимоя қилинаётганлар томонидан тўланувчи суғурта бадалларидан (суғурта мукофотлари) шаклланувчи пул жамғармалари ҳисобига амалга оширилади.

Суғурталанган (шаxс) — мулки, ҳаёти, соғлиғи, меҳнатга лаёқати, масъулияти суғурта ҳимояси объекти бўлиб ҳисобланувчи ва суғурта полисида кўрсатилувчи шаxс. Амалда суғурталанган бир вақтнинг ўзида суғурталанувчи бўлиши мумкин, агар у ўзи учун шартнома тузиб, пул (суғурта) бадалларини ўзи тузса, лекин бир шаxс ҳар доим ҳам суғурталанган ва суғуратланувчи бўлавермайди.

Суғурталанувчи — суғурталовчи билан суғурта шартномаси тузган юридик ёки лаёқадли жисмоний шаxс. Суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси юз берганида суғурталанувчига қоплаб бериш мажбуриятини ўзига олганлиги учун суғурталовчига суғурта бадалини тўлаш мажбурияти суғурталанувчининг зиммасида бўлади. Суғурталанувчи Ўз фойдасига ёки бошқа шаxс фойдасига суғурта шартномасини тузиши мумкин.

Суғурта тўлови — ҳаёт ва соғлиқни суғурталаш шартномасида назарда тутилган суғурта ҳодисаси юз бериши натижасида келиб чиққан зарарларни қоплаш учун суғурталовчи суғурталанувчига тўланадиган сумма, шунингдек суғурта шартномаси шартларига мувофиқ амалга оширилган ҳар қандай тўлов (суғурта қопламасига қаранг).

Мулк суғуртаси — ҳаракатдаги ва кўчмас мулкка эгалик қилиш, уни идора этиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ мулкий манфаатлар суғурта объекти ҳисобланадиган суғурта турлари мажмуаси. Мулкнинг йўқотилиши билан боғлиқ суғурта. Суғурта шартномасида шартлашилган сабаблар (қалтисликлар) таъсирида мулкнинг зарарланиши, нобуд бўлиши, ғойиб бўлишида этказилган зарарни қоплашни назарда тутади.

 Полис — суғурта шартномасининг тузилганлигини тасдиқлайдиган ва ўз ичига унинг шартларини оладиган суғурталанувчига (суғурталанган) бериладиган ҳужжат. Полис суғурта шартномасини мавжудлигини юридик жиҳатдан тасдиғи бўлиб, зарур ҳолатларда зарарларни ундириб олиш учун суғурталовчига қарши даво билан судга мурожаат этишга асос бўлади.

Автотранспорт воситаларини суғурталаш — xалқаро амалиётда энгил ва юк ташувчи автомобиллар, автобуслар, мотоциклларни, катерлар, мотор қайиқлар ва бошқа транспорт воситалари ушбу суғурта турига киритилади

Ишлаб чиқарувчининг масъулиятини суғурталаш — масъулиятни суғурталаш тури; суғурталанувчи ишлаб чиқарган ёки сотган маҳсулотда нуқсон бўлиши натижасида мижозларга мулкий зарар этказилиши оқибатида вафот этган, майиб бўлган ёки жабрланганларга юридик равишда суғурталанувчи тўлаб бериши шарт бўлган ҳар қандай тўловни қоплаб беради.

Иш берувчининг масъулиятини суғурталаш — масъулиятни суғурталаш тури; азалдан бошқа турдаги масъулиятни суғурталаш турларидан ажратилади. Иш берувчининг масъулиятини суғурталаш Полиси меҳнат шартномасидан келиб чиқувчи жабрланувчи ўз мажбуриятларини бажариши жараёнида юз берадиган ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиши билан билвосита боғлиқ касаллик ва тан жароҳатлари учун қонунчиликдан келиб чиқувчи масъулиятини қоплаб беради.

Комбинациялашган суғурта — бир нечта суғурта турлари бўйича комплекс суғурта қопламасини тақдим этадиган бир суғурта шартномаси.

Суғурталаш мукофоти — суғурталанувчи томонидан суғурталовчига бериладиган ва суғурталаш учун тўловни ўзида мужассам этган мукофот.

Суғурталаш қопламаси — суғурта қопламасини тўлаб бериш, суғурталанувчи томонидан амалга оширилган бошқа xаражатларни қоплаш учун суғурталанувчи суғурталовчидан оладиган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича қалтисликларда суғурталовчининг иштироки билан боғлиқ сумма.

Суғурта — фуқаро ёки юридик шахснинг (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади.

Суғурта объекти:

шаxсий суғуртада — фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, меҳнатга лаёқати билан боғлиқ; мулкий суғуртада — мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш, уни идора этиш билан боғлиқ;

масъулиятни суғурталашда — жисмоний ёки юридик шаxсларнинг мулки ёки шаxсиятига суғурталанувчига этказилган қоплама билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган мулкий манфаатлардир.

Суғурта шартномаси — бу суғурталанувчи ва суғурталовчи ўртасида агент ёки брокер воситачилиги ёки уларнинг восиатчилигисиз тузилган ва у бўйича суғурталовчи зарарни қоплаб бериш ёки суғурта суммасини унга (ёки наф олувчига) тўлаб бериш, суғурталанувчи эса суғурта мукофотини тўла ҳажмда ва вақтида тўлаб бериш мажбуриятини олувчи шартнома.

Суғурта шартномаси тузилганлигини тасдиқлаш учун суғурталовчи суғурталанувчига суғурта полиси беради.

Суғурталанмайдиган қалтислик эҳтимоли тутилган воқеа суғурта полисини сотиб олиш билан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарарларни этказиши мумкин (ҳарбий ҳаракатлар, фуқаролик тартибсизликлари, фавқулодда ҳодисалар).

Суғурта декларацияси суғурта объекти ва қалтисликнинг ттаснифи тўғрисидаги суғурталанувчининг аризаси. Манзил, баҳоси, ҳолати, сақлаш ёки фойдаланиш тартиби, теxникавий тайёргарлиги, ёнғин ёки бошқа авария сигнализацияси, шунингдек сифат таснифи (русуми, модели, тури, тузилмаси, таркиби ва б.) ҳақидаги аxборотни ўз ичига олади.

Суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида», «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида», «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида», «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида» ва «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, шунингдек суғурта соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан кўриб чиқилади.

Мулкий суғурта шартномасига мувофиқ суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчига (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурта қилдирувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма доирасида тўлаш мажбуриятини олади.

Шахсий суғурта эса суғурталовчининг суғурта қилдирувчининг (суғурталанган шахснинг) ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган тақдирда, у муайян ёшга тўлган ёки унинг ҳаётида шартномада назарда тутилган бошқа суғурта ҳодисаси юз берган ҳолларда шартномада шартлашилган суғурта пулини бир йўла тўлаш ёки вақти-вақти билан тўлаб туриш мажбуриятини назарда тутади.

Суғурта шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт.

Суғурта шартномаси битта ҳужжатни тузиш ёхуд суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан суғурталовчи томонидан имзолаган ва суғурта шартномаси шартларини ўз ичига олган суғурта полиси (шаҳодатномаси, сертификати, квитанцияси)ни топшириш йўли билан тузилиши мумкин.

Суғурта шартномасининг шаклига нисбатан белгиланган талабга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Суғурта шартномаси суғурталовчи томонидан имзоланган, суғурта шартномасининг шартларини ўз ичига олган суғурта полиси (шаҳодатномаси, сертификати, квитанцияси)ни топшириш йўли билан тузилганида, суғурта қилдирувчининг суғурталовчи таклиф этган шартларда шартнома тузишга рози эканлиги суғурталовчидан кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва суғурта мукофоти тўлаш ёхуд суғурта мукофоти бўлиб-бўлиб тўланганда биринчи бадални тўлаш орқали тасдиқланади.

Суғурта пули миқдори — суғурта шартномасининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Суғурта пули тарафларнинг суғурта шартномасидаги келишувига асосан аниқланади. Мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурталашда ушбу миқдор, агар суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, унинг асл нархидан (суғурта нархидан) ошиб кетмаслиги лозим.

Агар мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномасида кўрсатилган суғурта пули суғурта қийматидан ортиқ бўлса, шартнома суғурта қийматидан ортиқ бўлган суғурта пули қисмида ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади. Бундай ҳолатда суғурта мукофотининг ортиқча тўланган қисми қайтариб берилмайди.

Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи бундай шартномани тузиш вақтида ўзига маълум бўлган суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини ва унинг юз бериши туфайли кутилажак зарар миқдори (суғурта хавфи)ни аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни суғурталовчига хабар қилиши шарт.

Суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини ва унинг юз бериши туфайли етказилиши мумкин бўлган зарар миқдори (суғурта хавфи)ни аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар деганда, суғурта шартномаси (полиси)нинг стандарт шаклида, суғурта қилдирувчига берилган суғурта қоидаларида ёки ёзма сўровда суғурталовчи томонидан олдиндан аниқ айтиб қўйилган хавфни ўзига қабул қилган суғурталовчи томонидан баҳолаш учун аҳамиятли ҳолатлар деб тушуниш лозим.

Мол-мулкни суғурталаш шартномаси тузилаётганида суғурталовчи суғурта қилинаётган мол-мулкни кўздан кечиришга, зарурат бўлганда эса унинг ҳақиқий қийматини белгилаш мақсадида баҳолашдан ўтказишни ташкил этишга, шахсий суғурта шартномаси тузилаётганида эса суғурта қилинаётган шахс соғлиғининг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун уни текширтиришга ҳақли.

Мол-мулкнинг шартномада кўрсатилган суғурта қиймати миқдори ҳақида тарафлар ўртасида келишувга эришилган бўлса, унинг устида кейинчалик низолашиш мумкин эмас.

Шу билан бирга, агар шартнома тузилгунга қадар суғурта хавфини баҳолаш бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланмаган суғурталовчи суғурта қилдирувчи томонидан бу қиймат борасида била туриб чалғитилган бўлса, мол-мулкнинг суғурта қиймати миқдори устида низолашиш мумкин.

Агар суғурта қилдирувчида (наф олувчида) суғурта ҳодисаси юз бериши натижасида келиб чиққан зарар миқдори суғурта шартномасида белгиланган зарар миқдоридан ошмаса ёки кам бўлса, ихтиёрий мулкий суғурта шартномасининг шартларида суғурта товонини тўлашни истисно қилувчи қоида белгилаб қўйилиши мумкин (франшиза). Франшиза муайян фоиз ёки аниқ миқдорида белгиланиши мумкин.

Суғурта шартномасининг амал қилиши бошланиши. Агар суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта мукофоти ёки биринчи бадал тўланган пайтдан кучга киради ва унинг шартлари, агар шартномада суғурта амал қилиши бошланишининг бошқача муддати назарда тутилмаган бўлса, суғурта шартномаси кучга кирганидан кейин юз берган суғурта ҳодисаларига нисбатан татбиқ этилади.

Агар суғурта шартномасида суғурта мукофотини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, шартномада навбатдаги суғурта бадалларини белгиланган муддатларда тўламаслик оқибатлари кўрсатиб қўйилиши мумкин.

Бундай оқибатлар сифатида суғурта шартномаси, хусусан, навбатдаги суғурта бадаллари тўланмаганда суғурталовчининг суғурта шартномасини бекор қилишни талаб қилиш ёки мажбуриятни бажаришдан бир томонлама бош тортиш ҳуқуқини ўз ичига олиши мумкин. Бундай ҳолатда, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тўланган суғурта бадали қайтарилмайди.

Мол-мулк унинг асралишидан қонун ҳужжатларига ёки шартномага асосланган манфаатга эга бўлган шахс (суғурта қилдирувчи ёки наф олувчи) фойдасига суғурта шартномаси бўйича суғурталаниши мумкин.

Гаровга қўйилган мол-мулкни суғурта қилиш шартномасини тузишда, гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда гаровга қўйилган мулкнинг қийматидан ўз манфаатлари қаноатлантирилиши муносабати билан гаровга олувчи ўзи учун мол-мулкни сақланишидан ва уни сақланишини таъминланишида манфаатдор бўлиши лозим. Бундай ҳолатда гаровга олувчи суғурта шартномаси бўйича наф олувчи ҳисобланади.

Мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси деганда, шартномада назарда тутилган ва унинг содир бўлиши натижасида суғурталовчининг суғурта товонини тўлаб бериш мажбурияти вужудга келадиган воқеа тушунилади. Агар суғурта шартномаси мажбурият бажарилишининг таъминоти сифатида тузилган бўлса, асосий мажбурият бажарилмаган тақдирда кредитор суғурталовчидан суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Суғурта тушунчаси, суғурта шартномалари шакли ва тузиш тартиби

Банкротлик тўғрисида

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *