# Tags
#Жиноят

Футболдаги оммавий тартибсизликлар

 Республика ижтимоий-сиёсий “Якка кураш олами” спорт журнали таҳририяти яқинда интернет ва баъзи бир анъанавий матбуот нашрлари орқали тарқатилган ишончсиз хабарларни рад этади ва бундай номақбул ҳолатларни кескин қоралайди. Чунки бу каби шов-шувли хабарларда ҳақиқат ва аниқлик мутлақо йўқ.

Ўзингизга яхши маълумки, ясама (ҳозир урф бўлган фейк тарзидаги) хабарлар – бу, воқеаларни сохталаштириш йўли билан ижтимоий тармоқлар ёки матбуот нашрлари воситасида оммалаштиришга интилишдир. Бундан кўзланган мақсад эса, оммани чалғитиш, молиявий ёки сиёсий манфаатга эга бўлишдан иборатдир. Бундай мақола муаллифлари, одатда, ўз нашри муштарийлари сонини орттириш ниятида куракда турмайдиган воқеаларни тўқиб чиқаришади, бир қарашда ёрқин кўзга ташланадиган сарлавҳаларни ўйлаб топишади. Шу тариқа “сохта хабар”лар ўқувчиларга зўр янгилик сифатида тақдим этилади.

 Албатта, бу иш пухта ўйланган ва моддий фойда кўриш, кўпроқ ўлжани қўлга киритиш мақсадида атайлаб қилинади. Шу маънода олиб қараганда, Республика миқёсида нашр этилаётган “Якка кураш олами” спорт журнали яқинда интернетдаги ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Андижон-Навбаҳор футбол жамоалари учрашуви пайтида мухлислар оммавий муштлашув уюштирганликлари ҳақидаги ОАВ сифатида №1231 рақами билан 10.05. 2018.да рўйхатдан ўтказилган https://upl. uz @ UPL. UZ.Новости. сайти тарқатган сохта хабарни рад этиб бўлмас далиллар ва фактлар асосида инкор этади.

 Чунки ушбу сайтда эълон қилинган видеолавҳада Ўзбекистон чемпионати доирасида ўтказилган футбол ўйини пайтида мухлислар оммавий тартибсизлик келтириб чиқарганлиги акс эттирилган ва бу нохуш воқеа Андижон-Навбаҳор футбол жамоалари учрашуви пайтида содир бўлди, деб кўрсатилган.

 Ҳақиқатан ҳам ушбу лавҳа Ўзбекистон футбол чемпионатининг 17 тур ўйинлари доирасида Андижон ва Навбаҳор клублари учрашуви пайтида тасвирга олинган. Футболчи Азиз Турғунбоев рақиб дарвозасига йўллаган тўп туфайли учрашув Навбаҳор клуби фойдасига ҳал бўлган. Эълон қилинган лавҳадаги кадрлардан кўриниб турибдики, Андижон футбол клуби мухлислари ўз жамоалари мағлубиятидан хафа бўлиб футбол майдонига қандай югуриб чиқишган. Аммо лавҳалар нотўғри шарҳ билан тарқатилган. Натижада ушбу видеохабар омманинг диққатини жалб этди ва турли фикрларнинг юзага келишига сабаб бўлди.

 Масалан, Ҳасан исмли блогер ўз сайтида бу ишга “ғайрат билан” киришганлиги аниқ-равшан намоён бўлиб турибди. Нохолислик ва нотўғри ҳолда у шундай деб ёзган: “Нима, тартиб ўрнатадиган ҳеч ким йўқми? Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қайси хизматлари учун маош олишади?” (манба: https: //upl. uz.). Рокер, 2019, 20 август, 17.37: “Тартибсизликни кўрмаяпман, мен мухлис эмасман, лекин айтай, бу – футбол”.

 Республика миқёсида нашр этиладиган “Якка кураш олами” журналининг ҳуқуқшуноси: – Юзага келган бу ҳолатда бизнинг ўзбек футбол мухлисларимиз шунчаки майдонга югуриб киришди ва тинчлик билан тарқалишди. Ҳеч ким пиротехник, оловли ва турли рангдаги тутун тарқатувчи воситаларни ишлатгани йўқ. Ҳеч ким ўйингоҳдаги пластмасса ўриндиқларни синдирган ҳам эмас. Бирорта одам ўз хатти-ҳаракатини ашаддий футбол мухлиси сифатида амалга оширганлиги учун “омавий тартибсизлик келтириб чиқарди”, ёки “футбол безориси” деган айб билан ушланган эмас. Аслида эса, футбол билан боғлиқ “безорилик”лар ўйин бошланишидан олдин ёки кейин мухлислар кўп тўпланган жойларда содир бўлади. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244 моддасига кўра, жамоат осойишталигига хавф солувчи жиноят ҳисобланади.

 Оммавий тартибсизликлар – бу, шахсга нисбатан зўравонлик ишлатиш, ёнғин чиқариш, яксон қилиш, буюм ва нарсаларни йўқ қилиш, ҳуқуқ-татибот органларига буйсунмаслик, ўқортар қурол ёки бошқа қурол сифатида ишлатилса бўладиган буюмлар билан қўрқитиш орқали таҳдид қилиш, оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этиш деганидир. Шов-шув тарзида эълон қилинган видеолавҳада эса бундай ҳолатларнинг биронтаси ёки бирор кишининг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олиш пайти ёки мухлислардан бирортасининг тан жароҳати олган ҳолда тиббий муассасага олиб келингани акс этмаган.

 “Якка кураш олами” журнали таҳририяти муқояса қилиб кўришингиз учун қуйидаги мисолни эътиборингизга ҳавола этади. Ёдингизда бўлса, Москва шаҳридаги Манежная майдонида 2002 йилнинг 9 июнида мухлислар футбол бўйича жаҳон чемпионати пайтида, яъни Россия терма жамоаси Япония жамоасига ютқазиб қўйгандан сўнг, тартибсизликлар келтириб чиқарган эди. Келиб чиққан тартибсизлик туфайли ўшанда 79 кишига жабр етказилган, шундан 49 нафари шифохонага ётқизилган, 16 ёшли мактаб ўқувчиси (Андрей Тружеников) эса пичоқланиш оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлганди. Жабрланганлар орасида ички ишлар ходимлари ҳам бўлиб, уларнинг 16 нафари шифохоналарга ётқизилганди. Москва шаҳар ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига қараганда, ўша оммавий тартибсизлик ва босқинчлик уюштирганлардан 130 нафари ички ишлар бўлимларига олиб борилганди. Бундай бебошликни тўхтатиш учун милиция ходимлари шахсий қуролларини ишлатишга мажбур бўлишганди. Яъни, 9 марта ҳавога ўқ узишганди. Милиция органларидан олинган маълумотга кўра, тартибсизликлар пайтида 8 таксофон, 36 та дўкон витринасига, шунингдек, бир неча троллейбусга жиддий шикаст етказилганди. Бундан ташқари Москва шаҳри марказида 107 та автомаишна, жумладан хориж автолари ҳам, пачақлаб ташланган, РТР телеканалининг иккита машинаси ва яна олтита авто тўнтариб ташланган, еттита машина эса батамом ёқиб юборилган эди.

 Москва марказида бўлиб ўтган ушбу тартибсизлик оммавий тус олиб, унда 7 мингдан 8 минггача одам иштирок этганди. Милиция ходимлари бундай тартибсизликни кечки соат 18-40да тўхтатишга тўхтатишга муваффақ бўлганди. Натижада 113 киши қўлга олинган бўлиб, шундан 31 биттасига нисбатан айблов эълон қилинганди. Афсуски, юқорида эслатганимиз ўсмир йигитча Тружениковнинг қотилини ҳам, ушбу оммавий тартбсизликлар келиб чиқишининг бош айбдорларини ҳам аниқлашнинг имкони бўлмаганди.

 Кўриб туганингиздек, оммавий тартибсизлик ёки оммавий муштлашув содир бўлганда юқоридаги каби нохуш манзаралар кузатилади. Афсуски, https://upl. uz @ UPL. UZ.Новости. сайти тарқатган хабарларда бундай манзара тугул, бирорта пичоққа илингулик фактнинг ўзи йўқ. Бу энди, очиғини айтганда, “пашшадан фил ясаш”дан бошқа нарса эмас. Энг ёмони, бўлиб ўтган ҳақиқий воқеани тўғрича тасвирлашдан кўра, шов-шувга интилиш ва нохолислик яққол сезилиб турган сохта хабар тарқалишига йўл қўйилган. Чунки ушбу сайт “футбол безорилари” деб номлаганларнинг айтишича, бу ерда оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарадиган ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилмаган. Аксинча, миллий маданият доирасидан чиқилмаган ҳолда айрим футбол мухлислари ўз севимли футбол жамоаси мағлубиятга учраганини намойиш этишган, холос. Ёлғоннинг умри қисқа, дейдилар. Гарчанд, бу хабар дунё бўйлаб тарқалиб кетган бўлса-да, оммавий тартибсизликлар қай тартибда содир бўлишини, қандай манзаралар кашф этишини яхши билганлар бу хабарга ишонган эмас, ишонмайди ҳам.

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *