# Tags
#Кураш

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилаётган халқаро кураш турнирининг қисқача тарихи

Тарихийлик нуқтаи назаридан олиб қараганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий ҳазратлари хотирасига бағишлаб ўзбек миллий кураши бўйича ўтказилиб келинаётган Халқаро кураш турнири ташкил этилганига ҳали унчалик кўп бўлгани йўқ. Демоқчимизки, бугунги кунда жаҳон бўйлаб обрў топган, мутахассислар ва мухлислар эътиборини жалб этган ушбу турнир ўз ибтидосини 1993 йилда, яъни Ўзбекистонда расман Халқаро Кураш Ассоциацияси ташкил этилишидан 5 йил аввал бошлаган эди. Чунки у дастлаб, ҳар икки йилда бир марта, оддий хотира турнири сифатида 1998 йилга қадар ўтказиб келинди. Орадан беш йил ўтгач – яъни, 1998 йилда Тошкент шаҳрида илк бор ушбу турнир, расман халқаро миқёсда ташкил этилди. Худди шу йили пойтахтимиз Тошентдаги “Жар” спорт компллексига дунёнинг 30 мамлакатидан турли миллатларга мансуб бўлган полвонлар ва спорт соҳаси мутахассислари тўпланиб келишди.

Турнирда иштирок этиш учун келган полвонлар орасида сайёрамизнинг энг кучли дзюдочилари – 1996 йилда ўтказилган Европа чемпионати чемпиони, 2000 йил Сиднейда ва 2004 йилда Афинада ўтказилган (100 килограммдан юқори вазн тоифасида) Олимпиадалар кумуш медалининг бўлажак соҳиби Индрек Пертельсон ва 1992 йилда Барселонада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари чемпиони, дзюдо кураши устаси, грузиялик Давид Хахалейшвилилар бор эди. Дарвоқе, ўша тарихий турнирда энг оғир, яъни 140 килограмм вазнга эга Давид Хахалейшвили хамюртимиз – миллий кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, 90 килограммлик вазн тоифасидаги қашқадарёлик Баҳром Авазов билан кураш тушганди. Ушбу вазн жиҳатидан нотенг бўлган беллашувда унчалик катта бўлмаган фарқ билан грузиялик меҳмон ғалаба қозонганди.

Шунингдек, грузиялик яна бир дзюдо-до кураши устаси Рамаз Чочишвили, собиқ Иттифоқ тарихида биринчи бор Олимпиада ўйинларида дзюдо бўйича чемпионлик унвонига сазовор бўлган Шота Чочишвилининг ўғли, сурхондарёлик полвон Рустам Эргашев билан курашиш учун майдонга тушганди. Элимизнинг яна бир машҳур полвони Эрали Маҳмарасулов эса эстониялик дзюдо устаси Индрек Пертельсон билан кураш майдонига чиққанди. Афсуски, бизнинг Сурхондарёлик полвонлар ўша турнирда барча яккама-якка беллашувларда мағлублик аламини тортганди. ҳақиқат нуқтаи назаридан қараган ҳолда таъкидлаб ўтиш зарурки, бундай мағлубият полвонларимиз руҳини туширмади. Аксинча, сурхондарёлик полвонларни қатъият билан олға интилишга, янада кучлироқ бўлишга ундади. Яъни, ғайратни жўштириш ва маҳоратни янада ошириш сари бошлади.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, полвонларимиз чинакамига қатъият ва шижоат билан тайёргарлик машқларини бошлаб юбордилар. Ана шундан сўнггина курашчиларимизнинг дунё бўйлаб зафарли юришлари бошланиб кетди. Улар қисқа вақт ичида ўзбек полвонлари нималарга қодир эканлигини, Ўзбекистонда ҳақиқий кураш усталари сони йилдан-йилга ортиб бораётганлигини жаҳон бўйлаб намойиш эта бошладилар. Агар мамлакатимизда спортнинг кураш тури ривожланишига назар ташлайдиган бўлсак, 1999 йилда миллий спортимиз тарихида биринчи бор халқаро беллашувлар жаҳон чемпионати мақомида ўтганлигини кўрамиз. Таъкидламоқ ўринлики, бундай мақомга эга бўлиш спортчиларимизни миллий курашимизга хос анъаналарни тиклаш ва янада жонлантиришга бўлган қизиқишини орттирди. Шу тариқа Ўзбекистон полвонлари катта кураш майдонида рақиблар билан муносиб беллашиш учун ғайрат билан ишга киришиб кетдилар.

Кураш бўйича илк бор жаҳон чемпионати ўтказилган пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт комплекси ўйингоҳи 40 мингдан ортиқ мухлислар билан тўлди. Бу – халқимиз ўз анъанавий-миллий курашини соғинганидан, у қайта тикланаётганидан жуда мамнун эканлигидан далолат эди. ғоят сермазмун ва қизиқарли, завқли лаҳзаларга бой тарзда ўтган ана шу жаҳон чемпионатидан сўнг, Халқаро Кураш Ассосиация (ХКА) давлат томонидан молиявий кўмак олди ва ўз фаолиятини ўзбек миллий кураши довруғини дунё бўйлаб таратишга астойдил киришиб кетди. Шу тариқа ўзбек миллий кураши жаҳон бўйлаб одимлай бошлади.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, 1999 йилнинг 1-2 май кунлари бўлиб ўтган кураш бўйича жаҳон чемпионатида воҳадошимиз Махтумқули Маҳмудов 73 килограмм вазн тоифасида катталар ўртасида ўтказилган беллашувларда ғолиблик қилиб, кумуш медаль соҳиби бўлди. Бу полвонимиз, яъни Махтумқули Маҳмудов шундан сўнг, Туркиянинг Анталия шаҳрида 2000йилда 13-17 июль кунлари бўлиб ўтган иккинчи жаҳон чемпионатида фаол иштирок этиб, 73 килограмм вазн тоифасида майдонга тушди ва ғолибликни қўлга киритиб, кураш бўйича жаҳон чемпиони деган юксак унвонга сазовор бўлди.

Хуллас, Тошкентда миллий кураш бўйича бўлиб ўтган биринчи жаҳон чемпионати Европа, Осиё ва Американинг 28 та давлатидан спорт мутахассислари келганлиги ва улар иштирокида Халқаро Кураш Ассосиацияси (ХКА) – халқаро майдонларда курашни ривожлантиришга йўналтирилган расмий халқаро спорт ташкилоти тузилганлиги билан тарих саҳифаларига муҳрланиб қолди. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, биринчи Таъсис Конгресси иш жараёни пайтида янги ташкилотнинг Низоми тасдиқланди, кураш спортининг халқаро миқёсдаги қоидалари ишлаб чиқилди ва бошқарув тизимига кирувчи раҳбарлар сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказиладиган халқаро турнир анъаналари ҳақида

Халқ анъаналари маданий мероснинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади. Чунки бирор бир ҳудудга хос ҳар қандай этник хилма-хиллик анъанавий тушунчаларни бузмайди, балки унга янгича руҳ бағишлайди. Шу маънода олиб қараганда, ўзбек миллий курашини дунёга танитиш мақсадида олиб борилган хайрли ишлар жараёнида биринчи галда миллий анъаналарга, урф-одат ҳамда удумларга, маросимларга алоҳида эътибор қаратилиб, ўзбек миллий курашининг келиб чиқиш тарихини ўрганиш борасида самарали фаолият олиб борилди. Ана шундай кенг қамровли изланишлар натижасида ватанимизнинг жанубий ҳудудларидаги узоқ тоғли туманларда, олис қишлоқларда сақланиб қолган удумлар, расм-русумлар курашимизни қайта тиклаш ва ривожлантиришда ўзига хос оҳорли омил вазифасини ўташи мумкинлиги аниқланди. Ана шундай тайёргарлик жараёнларидан сўнг, Ўзбекистонимизнинг жанубий ҳудудларида жойлашган Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳри 1993 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган жаҳондаги энг нуфузли халқаро спорт турнирларидан бири – ўзбек миллий кураши бўйича полвонларни ўз бағрига чорлай бошлади.

Ваҳоланки, кураш тарихи ва унинг илдизлари тўғрсида сўз юритаётган эканмиз, яна бир муҳим жиҳат ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзингизга яхши маълумки, Сурхондарё вилояти учта Марказий Осиё давлатлари – Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегарадош. Табиийки, бу мамлакатларда ўз миллий анъаналарига асосланган кураш турлари бор.

Масалан, қўшни Афғонистонда “Паҳлавоний” (паҳлавон сўзидан олинган бўлиб, “курашчи”, “атлет” “кучли” маъноларини англатади) деб номланган кураш тури жуда оммалашган. Бу кураш билан шуғулланувчилар машқ қиладиган жой эса “Зўрхона” (“Зўрлар уйи”) деб аталади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бу мамлакатдаги кураш тури Ўрта Осиё, ҳиндистон, Эрон ва Покистонга хос якка кураш ва жанг санъатининг ривожланиш тарихи билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Бу мамлакатларда ҳам мусобақалар пайтида Сурхон полвонлари қўллайдиган усулларга ўхшаш жиҳатлар бор. Бир сўз билан айтганда, афғон полвонлари ҳам худди бизнинг полвонлар каби кураш тушадилар. Дарвоқе, Афғонистон шимолидаги аҳоли таркиби асосан тожиклардан, ўзбеклардан, туркман ва хазарийлардан иборат. Бу эса ушбу миллат вакилларининг турмуш тарзи, маиший ҳаёти аждодларимизники каби деганидир. ғолаверса, шу мисолнинг ўзиёқ, биз қачонлардир умумий анъана ва урф-одатларга эга бўлган ягона халқ таркибидан ўсиб чиққан авлодлар эканлигимиздан далолатдир.

Қўшни Тожикистонда миллий кураш – “Гуштингири” деб аталади. Бу энди, бир оз дағалроқ таржима қилинса, “гўштни бурдалаш” деган маънони англатади. Алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, тожикча миллий якка курашининг бошқа турлари ҳам бор. Масалан, уларнинг бири “Гуштини Бухорои” (“Бухороча кураш”), яна бошқаси эса “Кураши гирифтан” деб номланади. Бу кураш турлариларининг ўзига хослиги шундаки, кураш тушаётган полвонларга оғриқ қўзғатувчи усулларни қўллашга рухсат этилади. Шунинг учун ҳам полвонлар рақибининг қўл ва бошқа оғриқ берувчи нуқталарини куч билан қайириш усулини бемалол қўллай оладилар. ҳатто, нозик жойларга уриш усули ҳам қўлланилади ва, у “тарсаки” деб аталади.

Қўшни Туркманистонда эса миллий кураш “Ёқалашма” ва “Гуреш” (“Хива кураши”, “Хоразмча кураш”) деб номланади. Туркманларнинг бу кураш усули кўпроқ Амударё ўзанларининг Хива хонлиги тасарруфида бўлган ҳудудларида ҳамда Хоразмда, шунингдек, ҳозирги кунда “Ёқалашма” кураш тури бўйича республика мусобақалари ўтказилиб келинаётган Туркманистонда яшовчи халқлар орасида кенг тарқалган.

Юқорида билдирилган фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, анъанавий миллий кураш – Марказий Осиёга хос умумий кураш турларининг ажралмас қисмидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал-ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказиладиган хотира турнирини ташкил этиш ва ўтказиш ҳақида

Юқорида айтиб ўтганимиздек, улуғ бобокалонимиз ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган халқаро кураш мусобақаларида иштирок этувчи давлатлар ва полвонлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, 2019 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган халқаро турнирда жаҳоннинг 47 мамлакатидан келган 150 нафардан ортиқ спортчилар Термизга келдилар. Бу йилги кураш турнири ҳам аввалгилари каби 8 та вазн тоифасида, шунингдек, мутлоқ вазн тоифасида ўтказилди. Алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, ўзбек миллий кураши тарихида бу йил биринчи бор хотин-қизлар ҳам 4 та вазн тоифасида кураш майдонига тушишди.

Турнирнинг соврин жамғармаси 100.000 АҚШ долларини ташкил этди. Оғир вазн тоифасидаги ўзбек полвони Болтабой Болтабоев мутлоқ вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритди. Унга Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10.000 АҚШ доллари топширилди. Турнир беллашувларида иккинчи ўринни эгаллаган Муҳсин Ҳисомиддинов – 5000 минг АҚШ долларини, учинчи ўринни эгаллаган икки нафар курашчининг ҳар бири – 3000 минг АҚШ долларини қўлга киритди. Шунингдек, бошқа вазн тоифасидаги ғолиблар ва совриндорлар ҳам катта миқдордаги пул мукофотлари топширилди.

Таъкидлаб ўтиш ўринли бўладики, ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўзбек миллий кураши бўйича ўтказилган ушбу Халқаро турнир ҳар жиҳатдан тўкис ташкил этилди. Бу борадаги яна бир янгилик шундан иборат бўлдики, курашчиларнинг беллашувлари қуш парвози баландлигида ҳаракатланган дронлар орқали видеотасвирга олинди. Кураш беллашувлари бўлиб ўтган ўйингоҳ ранг-баранг безатилганлиги туфайли атроф манзаралари янада чиройли ва томошабоп бўлди. Полвонлар беллашуви бошланишидан олдин Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов иштирокида Сурхон оҳанглари баралла янграб турган катта концерт дастури намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилган Халқаро турнир полвонлар беллашуви пайтидаги икки ҳолатдаги ҳаяжонли лаҳзалар ушбу Халқаро турнирнинг ҳаяжонли ҳамда асосий авж нуқтаси бўлди.

Биринчи ҳаяжонли лаҳзалар ўзбек миллий кураши бўйича Халқаро турнирнинг икки нафар фахрийлари – бундан йигирма йил аввал, яъни 1999 йилда бир-бирига курашчи рақиб сифатида майдонга тушган полвонлар беллашувида юзага келди. Уларнинг бири бразилиялик дзюдо кураши устаси, Бразилия курашчилар жамоасининг ҳаракатдаги тренери, Бутунжаҳон универсиадасининг дзю-до бўйича собиқ чемпиони – 40 ёшли Александр Касураги, иккинчиси эса ўзбек полвони, кураш бўйича 2000 йилда Анталияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг 73 килограмм вазн тоифасидаги собиқ чемпиони – 50 ёшли Махтумқули Маҳмудов эди. Айтиб ўтиш жоизки, ҳар иккала фахрий полвон ўртасидаги беллашув Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг бевосита ташаббуси билан бўлиб ўтди. Беллашув жуда қизиқарли ҳамда томошабоп ҳолда, ҳаракатчан тарзда ўтди.

Таъкидлаш лозимки, бразилиялик курашчи полвонларнинг ҳаракатдаги тренери 40 ёшли Александр Касураги моҳир спортчига хос эпчиллик, эгилувчанлик ва чаққонлик хусусиятларини аъло даражада сақлаб қола олган. Шунинг учун ҳам у 50 ёшли Махтумқули Маҳмудов билан олишаркан, чаққон ва эпчил ҳаракатланди. Шунга қарамай, Махтумқули Маҳмудов беллашув бошидаёқ рақибини кучли сиқувлар билан Александр Касураги ҳаракатларини чеклаб қўйишга муваффақ бўлди. Бунга эса у “мувозанатдан чиқариш” усулини бир неча бор ўринли қўллаши туфайли эришди. Натижада Александр Касурагини икки марта “чала” баҳоси билан йиқитди. Шундан сўнг Александр Касураги Махтумқули Маҳмудовга нисбатан “яшин тезлигидаги ҳужум” комбинацияри усулларини қўллади.

Бу усулларнинг бири – оёққа чил солишдан иборат. Александр Касураги ушбу усулни маҳорат билан қўллади ва “ҳалол” баҳосини олишига бир баҳя қолди. Чунки вазиятни тўғри илғаб олган Махтумқули Маҳмудов худди қоплон каби чаққонлик билан ўзини чаққонлик билан ўнглади ва полвонимизни маҳв этишга чоғланиб турган Касурагининг ўзи гиламга юзтубан бўлиб йиқилди. Натижада Махтумқули Маҳмудов яна битта “чала” баҳосини олди. ҳакамлар таркиби иккала фахрий курашчи беллашувини жанговар дуранг билан тўхтатишди. Оқибатда ҳар иккала полвон Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов совринини дўстона тарзда, биродарларча тенг бўлиб олишди.

Йигирма йилдан кейин иккала фахрий курашчи ўртасида бўлиб ўтган ушбу тарихий беллашув ҳалоллик билан, айни пайтда жуда муросасиз тарзда, юксак савияда ўтганига қарамай, негадир, баъзи бир телерепортёрлар уни атай уюштирилган “шоу” деб аташди. Лекин мен ишонч билан айта оламанки, кураш спорти фахрийларининг бу беллашуви ҳеч қандай шоу эмас, балки ҳақиқий полвонларга хос кураш бўлди. Шунинг учун ҳам менда баъзи бир таклиф ва мулоҳазалар туғилди. Таклифларимни умумлаштириб айтишим мумкинки, фахрийларнинг бундай беллашувларини ал ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб ўтказиладиган Халқаро кураш турнирининг ўзига хос анъанасига айлантириш керак. Буни шунинг учун айтаяпманки, Халқаро кураш Федерацияси томонидан ҳалигача фахрийлар Федерацияси ташкил этилган эмас. Эътиборингизга яна шуни ҳам етказмоқчиманки, Халқаро Дзю-до Федерацияси (IJF) шафелигида аллақачон дзю-до фахрийлари федерацияси ташкил этилган. Шунинг учун ҳам 2009 йилдан буён фахрийлар ўртасида жаҳон чемпионатлари Халқаро Дзю-до Федерацияси (IJF) шафелигида мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Иккинчи ҳаяжонли лаҳзалар Муҳсин ҳисомиддинов билан Болтабой Болтабоев ўртасида бўлиб ўтган финал беллашуви пайтида содир бўлди. Чунки ҳар иккала полвон ҳам кураш борасида бир-бирига муносиб рақиб эди:

Муҳсин ҳисомиддинов – миллий ўзбек кураши бўйича Ўзбекистон чемпиони, 2014 йилда “Евроосиё–Барс” чемпионатининг кураш бўйича бронза медали совриндори, 2015 йилда Эронда ўтказилган жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашиб чемпионлик унвонини қўлга киритган, V–Осиё ўйинларининг 2017 йилда Ашхобод шаҳрида ёпиқ бинода жанговар санъат бўйича ўтказилган мусобақаларида эса 100 килограмм вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлган, Индонезияда 2018 йилда ўтказилган Ёзги Олимпиадада кураш спорти бўйича ғолибликни қўлга киритган.

Болтабой Болтабоев – Хоразмлик полвон. “Катта шлем” туркумидаги дзю-до кураши бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирларда мутлоқ вазн тоифасида бир неча бор ғолиблик қилган ва кўплаб совринларни қўлга киритган. Шунингдек, у “Катта шлем” туркумидаги халқаро турнирларнинг бирида мутлоқ вазн тоифасида буюк француз дзюдочиси, икки карра (2012, 2016) Олимпиада чемпиони, 11 карра жаҳон чемпиони, 5 карра Европа чемпиони, кўп маротаба Франция чемпиони – Тедди Пьер-Мари Ринер Буюк билан белллашган полвонларнинг бири. Бу беллашувда Болтабой Болтабоев унча катта бўлмаган фарқ билан француз дзюдо устасига ғалабани бой берган.

Спорт оламида эришилган ана шундай катта ютуқлар соҳиби бўлган ҳамюртларимиз Муҳсин ҳисомиддинов билан Болтабой Болтабоев ўртасида кечган кураш лаҳзалари ўта ҳаяжонли бўлиш билан бирга ғоят кескин, шиддатли ҳамда муросасиз бўлди. Чунки ҳар иккала полвонда мавжуд бўлган кучлар даражаси тенг эди. Шундай бўлса-да, Муҳсин ҳисомиддинов кураш гиламидаги хавфли рақиби Болтабой Болтабоевнинг куч ва имкониятларини тўғри баҳолай олмаганлиги унга панд берди. Белдан ушлаб ошириб ташлаш усулининг турли мураккаб комбинациялрини маҳорат билан қўллаган Болтабой Болтабоев “ҳалол” баҳоси билан Муҳсин ҳисомиддиновни мағлуб этди.

Мақолани “Яккакураш олами” – “Мир единоборств”
спорт журнали бош муҳаррири Ғофур Юлдошев тайёрлади.

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *