БЎЙИ ДАРОЗ – ҒАЛАБАГА ҲАМРОЗ
Спорт оламида дарозлар – икки метр ёки ундан ортиқроқ бўйли спортчилар ҳақида турли қизиқ ҳикоялар, ҳатто, афсонага ўхшаш нақллар кўп тўқилган. Бу оғзаки тарзда битилиб, сўнгра халқ орасида тарқалиб кетган афсонамонанд ҳикояларга эса, биринчи галда, спортчиинг бўйи одатдагидан анча баландлиги, сўнгра шундай дароз бўй (баъзилар бесўнақай ҳам дейишади) билан ҳам турли беллашувларда чаққонлик кўрсатиб ғолиб бўлишлари сабаб бўлади. Баъзан эса баланд бўйли спортчи қандай қилиб моҳирлик ва эпчилликни, эгилувчанликни талаб этадиган вазиятлардан осонгина чиқиб кетиши сабабини тўғри англолмаслик ҳам туртки беради. Менинг ҳамюртим – жаҳон бўйича маҳорати эътироф этилган баскетболчи Равиля Прокопенко ҳам ана шундай афсоналар тўқилишига сабаб бўлган спортчилардан бири эди.
Равиля Нажиповна Прокопенко (Салимова)1941 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилоятидаги Шўрчи туманида таваллуд топган эди. У машҳур баскетболчи бўлиб етишди. Чунки спортдаги фаолияти давомида «Хизмат кўрсатган спортчи» унвонига сазовор бўлди, икки кара жаҳон, тўрт карра Европа чемпионлигини қўлга киритди, ўз даврининг юксак мукофотларидан бири бўлган “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени билан мукофотланди.
Равилянинг болалаги ўзи туғилиб ўсган Шўрчида ўтди. У ҳам бошқа тенгдошлари қатори мактабда ўқиди, далага чиқиб пахта терди. Уни тенгдошларидан ажратиб турадиган алоҳида жиҳат – бўйининг ёшига нисбатан, яъни Марказий Осиё минтақасига хос бўлмаган тарзда жуда баландлигида эди. Кунларнинг бирида яқин танишларидан бири унга Тошкентга, ўша пайтлардаги баскетбол бўйича таниқли тренер Леонид Величкого учрашишни маслаҳат берди. Шу тариқа 16 ёшли Равиля Салимова (кейинчалик Прокопенко) 1958 йилда Тошкентга борди ва тезлик билан спорт интернат-мактабига қабул қилинди. Атиги бир неча машқ ва машғулотларда қатнашгач, “Текстиилмаш” жамоаси таркибида Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида ўтказилган “А” гуруҳига чиқиш учун ташкиллаштирилган мусобақаларда иштирок этди. Орадан бир неча йил ўтгач эса, жаҳон ва Европа чемпиони унвонига сазовор бўлди. Шунингдек, марказда ҳужум қилувчи икки метр бўйли спортчи сифатида собиқ СССР терма жамоаси тарихида биринчи баскетболчи бўлиб қолди.
Равиля Прокопенконинг миллий терма жамоа таркибида майдонга тушиши 1962 йилда Францияда бўлиб ўтган Европа чемипионати билан боғлиқ. Чунки бу чемпионатда Прокопенко ҳар матчда 7,7 очко тўплашга муваффақ бўлди. Бундай мусобақаларда иштирок этаркан, Равиля Прокопенко жамоанинг ҳақиқий тезкор ва маҳоратли ҳужумчисига айлана борди. Масалан, у 1964 йилда терма жамоага 13,1, 1967 йилда 16,5 очко келтирди ва чинакам спортчи эканлигини исботлади.
Биз, 10-12 ёшли болакайларга, 1966-1967 йилларда ота маконимиз бўлмиш Шўрчида туриб, ҳамюртимиз Равиля Нажиповнанинг – собиқ СССР терма жамоаси аъзоси, 1962 йилда Францияда ўтказилган мусобақаларда қатнашиб Европа чемпиони бўлгани, 1964 йилда эса Перу (Лотин Америкаси)да ҳамюртимиз эришган ютуқларни кузатиш бориш жуда мароқли эди. Бу ютуқлар ҳақида катталардан эшитиб хурсанд бўлардик. Чунки биз – қишлоқ болалари учун ўзимиз яхши таниган Равилянинг навқирон 24 ёшида қўлга киритаётганлиги гўё бир эртакдай, афсонадай туюлар эди.
Ҳамон ёдимда сақланиб қолган – Равиля Прокопенко Москвадаги спорт ҳаётидан узилиб келиб, яъни таътилга чиққан кезларида ота-онасини кўриш учун Шўрчига келган ва бозор айланиб юрган кезлари уни кузатиш жуда мароқли эди. Чунки у “Деҳқон бозори”нинг гавжум, сершовқин муҳитида баланд бўйи билан ҳаммадан ажралиб турарди. Биз, болакайлар, бу дақиқаларни бир умрга хотирамизга мустаҳкам қилиб муҳрлаб олганмиз. Чунки бу спортчи ҳеч бир итисносиз фақат Тошкент баскетбол клуби жамоаси обрўси учун курашарди.
Спорт соҳасидаги фаолиятини якунлагандан сўнг, Равиля Прокоепнко тренерлик фаолияти билан жиддий шуғулланди. Ўзбекистон спорт қўмитаси ҳузуридаги ўз номи билан аталган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби йўриқчиси сифатида баскетбол спортини ривожлантиришга муносиб улуш қўшди. Равиля Прокопенко (Салимова)нинг Анжела исмли қизи ҳамда Игорь исмли ўғил фарзандлари бор. Куёви Валерий Захаревич қилибоз спортчи.
2006 йилда “Спорт-Экспрес” газетаси мутахассис ва муштарийлар орасида собиқ Иттифоқ баскетболчилари ичида энг яхши марказий ҳужумчи кимлигини аниқлаш мақсадида сўров ўтказган эди. Ушбу сўровномада иштирок этганларнинг эътироф этишича, Равиля Прокопенко 8- ўринда турар экан.
Баскетбол спорти оламида кўплаб афсоналаранинг тўқилишига сабаб бўлган икки метр бўйга эга Равиля Прокопенко (Салимова) 78 ёшида 2019 йилнинг 3 июлида Тошкентда вафот этди.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Равиля Прокопенко икки марта – 1964 йилда Перуда, 1967 йилда Чехлсловакияда ўтказилган мусобақаларда чемпион бўлган эди. Шунингдек, у тўрт марта – 1962 йилда Францияда, 1964 йилда Венгрияда, 1996 йилда Руминияда, 1968 йилда Италияда бўлиб ўтган беллашувларда муваффаққиятли иштирок этиб, Европа чемпиони унвонига сазовор бўлганди. Бундан ташқари Равиля Прокопенко 1965 ва 1970 йилларда бўлиб ўтган универсиадаларнинг ҳам ғолиби ҳисобланади.
Ушбу мақола баҳона, жаҳон баскетбол спортида ўзига хос ёрқин из қолдирган бошқа “девқомат” баскетболчи аёллар тўғрисида ҳам қисқача маълумотлар келтириб ўтмоқчимиз.
Мария Степанова – бу баскетболчи ҳам ҳамюртимиз саналади. У жаҳондаги энг баланд бўйли баскетболчи аёллар сирасига киради. Чунки унинг бўйи 2 метру, 3 сантиметрдан иборат. Мария Степанова – бир қатор халқаро мусобақаларнинг чемпиони, Россия спорт устаси, Олимпиада ўйинларининг бронза медали соҳибаси. Бундан ташқари Мария Степанова баскетбол ўйинида «слэм-данки» усулини маҳорат билан қўллай оладиган жаҳондаги энг кучли спортчиларнинг бири. Баскетболда қўлланиладиган бу мураккаб усулнинг маъноси шуки, спортчи сакраган ҳолда тўпни тўрхалта ичига тушириши лозим. Бу усулни Мария жуда маҳорат билан чиройли бажара олади.
Екатерина Лисина – бу россиялик баскетболчини чинакам «девқомат» спортчи деса, бўлади. У бутун дунёга нафақат ўзининг 210 сантиметрлик баланд бўйи билан, балки оёғининг 132 сантиметр узунликда бўлганлиги билан ҳам машҳурдир. Шунинг учун ҳам Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Бундан ташқари Лисинани дунё бўйича энг дароз модель сифатида ҳам эътироф этишади. 2009 йилда бу қиз ўз ҳаётини моделлик бизнесига бағишлаш учун спортни ташлашга ҳам қарор қилган. Аммо спортга, хусусан, баскетболга бўлган муҳаббат уни бу йўлдан қайтарган.
Бритни Грайнер – дунё таниган баскетболчи аёлларнинг бири. Унинг бўйи – 2 метру 6 сантиметр. Бритни АҚШ терма жамоаси таркибида майдонга тушиб, 2014 йилда Туркияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида чемпионлик унвонига сазовор бўлган. Шунингдек, у 2016 йилда Риода ўтказилган Олимпиада ўйинларида, 2018 йилда Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам ғолблик қилиб, чемпион бўлган.
Рита Минива Беса – Зимбабвелик бу баскетболчининг бўйи 2 метру 3 сантиметр. Ҳозирги кунда у бундан кўп йиллар аввал профессионал баскетбол блан жиддий шуғлланиш мақсадида кўчиб ўтган юрти –АҚШда яшайди.
Бу африкалик баскетболчи аёл спортда оламшумул ютуқларни қўлга киритмаган бўлса-да, бўйининг дарозлиги билан машҳур.
Ульяна Семенова – собиқ Иттифоқнинг бўйи 213 сантиметр бўлган машҳур баскетболчиси. Ўн карра Европа чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, хизмат кўратган спорт устаси. Риганинг “ТТТ Рига” баскетбол жамоасига Семенова келиб қўшилиши билан бу жамоани мағлуб этишнинг иложи бўлмай қолган. Шунинг учун ҳам у туфайи ушбу баскетбол жамоаси собиқ СССР миқёсида ўтказилган чемпионатларда 15 марта ғолибликни қўлга киритган.
Ульяна Семенова 1989 йилда спортдаги фаолиятини тугаллаган ва жамоатчилик ишлари била шуғуллана бошлаган.
Гитика Шривастава – бўйи 211 сантиметр бўлган Ҳиндистонлик машҳур баскетболчи. Чунки у ўзлигини айнан ана шу спорт тури орқали топган. У баскетбол бўйича Ҳиндистон миллий жамоасининг аъзоси бўлган.
Гитиканинг ўзи эътироф этишича, ундаги баланд бўйлилик ирсий хусусиятга эга. Чунки Гитиканинг отаси ҳам дароз бўлиб, бўйи қизига нисбатан 12 сантиметрга баландроқ бўлган.
Молгожата Дидек – 218 сантиметр бўйга эга «девқомат» спортчи. Бу дароз қиз Аёллар баскетбол миллий ассоциацияси томонидан энг баланд бўйли спортчи сифатида тан олинган. Малгожата Дидек кўп йиллар давомида “Utan Starzz” ҳамда “Connecticut Sun” жамоалари таркибида майдонга тушган. Кейинчалик тренерлик фаолияти билан шуғулланган Малгожата Дидек 2011 йилда, 37 ёшида вафот этган.