Забелинская тўғрисидаги заказ мақолаларга раддия
Яқинда велоспорт бўйича уч карра Олимпиада чемпиони Ольга Забелинская ҳақида Россия оммавий ахборот воситаларида турли “миш-миш”га ўхшаш нотўғри маълумотлар тарқатилди. Хўш, ғоят жимжимадор сарлавҳалар билан “безатилган” бу хабарлар чиндан ҳам бирор асосга эгами, ёки қуруқ сафсатами?
Турли «миш-миш»лар тарқалишига нима сабаб бўлди?
Бу ҳақда, яъни велоспортчи Ольга Забелинскянинг нолойиқ “қилмишлари” тўғрисидаги турфа хабарлар, айниқса, “Вести” информацион дастурида кўп бора гапирилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам унинг но мига нолойиқ фикрлар билдирила бошлади. Хусусан, бу спортчи тўғрисида “Сотқин Забелинская Ўзбекистон юлдузига айланди”, “Хоин Забелинская Осиё чемпионати олтин медалини қўлга киритди”, “Хоин Забелинская Ўзбекистонни медалларга тўлдириб ташлади”, каби шов-шувли хабарлар қайта-қайта эфирга узатилди. Хўш, бу “янгилик”лар замирида нечоғлк ҳақиқат бор?
Аввло, шуни айтиш керакки, Ольга Забелинская Осиё чемпионати трекида Ўзбекистон велоспорт терма жамоасига турли даражадаги 4 та медаль олиб берди. Ўзбекистон терма жамоаси эса бу спорт тури бўйича жами 7 та медални қўлга киритиб, “сариқ” минтақада етакчи спортчилардан бирига айланди. Россиялик бу спортчи ўтган йили фуқаролигини ўзгартирган эди. Бунга сабаб эса, у 2020 йилда Японияда бўлиб ўтадиган Ўйинларда Россия терма жамоаси велоспорт турида муваффаққиятга эриша олишига ушбу спортчининг ишончи йўқлиги сабаб бўлганди.
Шунинг учун ҳам юқорида биз юқорида эслатиб ўтган хабарлар кетма-кет тарқала бошлаши билан, унинг номига номуносиб бўлган ҳар хил изоҳдаги ҳақаротли чиқишлар кўпайиб кетди. Масалан, Альф: “Бу қ…. рус халқини сотди ва у, бу қилмиши учун жавоб беради!”, деб (14.01.2019. соат-21.51) ёзди. Бу хуружни давом эттираркан, “Буюк давлатович келажаков” деганлари эса (16.01.2019. соат-09.09.): “Ирина Винер-Усманова билан Алина Кабаева, Яна Батиршина, Амина Зарипова, шунингдек, Эмма Панфилова, ким ўзи улар?”, дея аюҳаннос солди.
Хуллас, ана шундай нохолис сарлавҳалар остида Россия оммавий ахборот воситаларида Олимпия ўйинларининг шоссе велоспорти беллашувлари бўйича уч карра жаҳон чемпиони Ольга Забелинская номи сотқин ва хоинга чиқарила бошлади. Аслида эса, Забелинская 2011 йилдан буён оиласи билан Кипр оролларида яшаб келади. Моҳир велоспортчи Ольга Забелинская 2020 йилда Японияда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини берадиган лицензияни Ўзбекистон номидан ютиб олган эди. Бу имкониятни 38 ёшли ушбу спортчи Осиё ўйинларининг 30 километрлик велопойгасида ғолиб чиқиб, қўлга киритган эди. Шунга қарамасдан, Россиядаги оммавий ахборот воситалари куракда турмайдиган сўзлар билан, яъни «сотқин», “хоин” сифатида Ольга Забелинскаяни ёмонлаб, обрўсига путур етказа бошлади.
Шу ўринда айрим нохолис фикрловчилар ҳеч бир тортинмасдан ишлатаётган “сотқин” ва “хоин” сўзларига изоҳ бериб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Рус тилининг катта изоҳли луғатига таяниб айтадиган бўлсак, бу сўзларнинг синонимлари – яъни, муқобиллари ҳам бўлиб, у айрим ўринларда “хоин”, “чекинган”, “сотилган” деган маъноларни англатади ҳамда душман томонга ўтиб кетганларга нисбатан қўлланилади. Унутмаслик керакки, Ольга Забелинская Россия терма жамоаси таркибида мусобақаларда қатнашиб, икки марта – 2012 йилда Лондонда, 2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида икки марта кумуш медални қўлга киритган. Кейинчалик, яъни фуқаролигини ўзгартирган россиялик велоспортчи Ольга Забелинская Ўзбекистон номидан велотрекка чиқишга қарор қилган ва бунинг сабабини ҳам ўз вақтида тушунтириб берган эди. Унинг бундай қарорга келишига туртки бўлган сабаб эса, ҳар жиҳатдан асослидир.
Шу ўринда эслатиб ўтиш зарурки, Россия спортини қийин вазиятга солиб қўйган допинг билан боғлиқ низолар, бу мамлакат энг кучли атлетикачиларининг кейинги иккита Олимпиада ўйинларида иштирок этишдан четлаштирилиши, спорт соҳаси амалдорларининг ўз спортчилари шаънини муносиб ҳимоя қила олмаганлиги – уч нафар фарзанднинг онаси, 38 ёшли Ольга Забелинскаяни 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида иштирок этадиган россиялик спортчилар сафига қўшила олмаслик эҳтимоли борлигини англаши, уни шундай қарорга келишга ундаган эди. Аслида ҳамма гап, Рио-де-Жанейро мусобақалари бошланишидан олдин, яъни Забелинская ва бошқа россиялик спортчилар “қўй” эмаслигини, таъқиқланган “пичан” (таъқиқланган моддалар)ни истеъмол қилмаганликларини исбот қилишга ҳаракат қилган пайтларда бошланган эди. Ўшанда улар ўз шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бош “чўпон” – CAS, яъни спорт бўйича арбитраж судга мурожаат қилишганди. Афсуски, CAS уларга ён босмади ва 2016 йилдаги Олимпиада ўйинларида иштирок этишга рухсат бермади. Бундай муомала ва муносабат натижасида қанчалар асаблари бузилганлигини, тағин бекорга вақт сарфлаганлигини Ольга Забелинскаянинг ўзи яхши билади.
Шунинг учун ҳам, у “Матч ТВ” га берган интервьюсида алам билан: “Ҳис этиб турибман, Токиода бундан ҳам қийин бўлади. 99 фоиз даражада аминманки, мен учун 2020 йилда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида Россия байроғи остида иштирок этишнинг имкони бўлмайди. Ўтган қиш ойида спортчилар ўртасида бўлиб ўтган допинг масаласидаги мажоролар яна такрорланади, чунки бундан аввал юзага келган допинг муаммоси яна такрорланади. Мени ҳамда яна кўплаб россиялик спортчиларни, барибир, Олимпиада ўйинларига таклиф этишмайди”, деган эди.
У нега бундай хулосага келди? Чунки “Россия Велосипед Спорти Федерацияси (ФВСР) ва Россия Олимпия Қўмитаси (ОКР) вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотдан сўнг”, айнан юқорида айтилганидек ҳолат юзага келиши аниқ бўлиб қолганди.
Ана шу сабабларга кўра, Ольга Забелинская Ўзбекистон велоспорти миллий терма жамоаси таркибига келиб қўшилган эди. Аммо, шундан кейин ҳам О. Забелинская номи билан боғлиқ мажоролар барҳам топмади, аксинча, кутилмаган тарзда давом этаверди. Яъни, унга биринчи бор ўзининг янги мамлакати номидан “Осиё ўйинлари – 2018” да иштирок этишга рухсат беришмади, таъқиқлаб қўйишди. Шундай бўлса-да, шоссе велоспортининг уч карра олимпия чемпиони Ольга Забелинская 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ўйинларда иштрок этиш умидида Халқаро Велосипедчилар Иттифоқи (UCI)га спорт бўйича ўз фуқаролигини ўзгартириш борасида тегишли тартибда сўровнома жўнатди. Шу муносабат билан “Новости” (Росиия Информацион Агентлиги) 38 ёшли спортчи қуйидагича баёнот берганлигини маълум қилди: “Менинг ниятим – Токиода бўлиб ўтадиган Ўйинларда иштирок этиш. Умид қиламанки, менга нисбатан қўлланган “карантин” муддати қисқартирилади. Бундан бир ой аввал Халқаро Велосипедчилар Иттифоқига сўровнома жўнатганман. Яқин кунлар ичида янги лицензия оламан деб, умид қиламан. Мен учун мавсум ва шоҳсупага кўтарилиш эндигина бошланаяпти”.
Аввал хабар қилинганидек, Забелинская Россия фуқаролигини Ўзбекистон фуқаролигига алмаштиришга қарор қилган эди. Россия Велоспорт Федерацияси (ФВСР) россиялик спортчининг бошқа мамлакат байроғи остига ўтишига қарши эканлигини ва унга нисбатан “уч йиллик карантин” қўлланилишини маълум қилди.
Ольга Забелинскаянинг Ўзбекистонда
эришган спорт ютуқлари ҳақида
Риода бўлиб ўтган спорт беллашувларининг кумуш медали соҳибаси, Россия велоспортчилари терма жамоасининг собиқ аъзоси Ольга Забелинская Осиё чемпионатининг гуруҳлараро беллашувларида ғолиб бўлди. Бу ғалабага у Чинчхон (Жанубий Корея) да Гонгконг ва Жанубий Корея велосипедчиларини ортда қолдирганлиги учун эришди. Забелинская ўзининг Ўзбекистон велоспортчилари миллий терма жамоаси таркибига ўтиши сабабини, Россия терма жамоаси Токиода бўлиб ўтадиган ўйинларда иштирок этишига ишонмаймаслиги билан изоҳлайди.
Велоспорт Халқаро Иттифоқи эълон қилган маълумотларга кўра, йил якунларига қараганда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу спорт тури бўйича биринчи марта 680 очко тўплаб, кучли йигирмалик сафига киритилган ва шоссе велопойгасида Осиёнинг энг кучли жамоалари ўртасида биринчи ўринни қўлга киритган.
Бу ютуқларга эришишда, айниқса, велоспорт бўйича аёллар миллий терма жамоаси эришган юксак ғалабаларни таъминлашда Ольга Забелинскаянинг хизматлари чиндан ҳам катта бўлганлигини эътироф этиб ўтмоқ керак. Масалан, 14 октябрь куни О.Забелинская Францияда ўтказилган “Chorono des Nations” халқаро мусобақаларида велоспорт бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида иштирок этди. У моҳир велосипедчиларни ортда қолдириб, биринчиликни қўлга киритди ва олтин медаль соҳибаси бўлди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, 2018 йилнинг 28 октябрида пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда Ўзбекистон Велоспорт Федерцияси ОБСЕ билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон велоспорт федерацияси раиси Т.Норбоева иштирокида музокаралар бўлиб ўтди ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аёллар учун ҳаваскорлик велоспорт клублари ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Айни кунларда велоспорт бўйича аёллар миллий терма жамоасининг аъзоси сифатида О. Забелинская Европадаги аёллар велоклублари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, фаол иш олиб бормоқда. Шунингдек, жойларда ташкил этилган велоклубларда О.Забелинская аёллар ўртасида бу спорт турини оммалаштиришга қаратилган маҳорат дарслари ўтиш орқали ўзининг муносиб улушини қўшмоқда.
Ольга Забелинскаянинг
эришган спорт ютуқлари ҳақида
Олимпия ўйинларининг уч карра чемпиони Ольга Забелинская 1980 йил 10 майда Россия Федерациясининг Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида туғилган. Аслида, Ольга, дунёга келгандан сўнг орадан бир неча ой ўтгач, 1980 йилда Москвада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида велоспорт бўйича чемпионликни қўлга киритган Сергей Сухореченковнинг никоҳдан ташқари туғилган қизи ҳисобланади. Шунинг ҳам у отасиз ўсган ва фақат балоғат ёшига етиб улғайгачгина, отаси билан танишган.
Ольга Забелинская Россиядаги А.И. Герцен номли педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетида таҳсил олган. 1997 йилда Сан-Себастьян шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида шоссе якка пойгаси беллашувларида ўсмирлар ўртасида биринчиликни қўлга киритган. Шу йилнинг ўзида ёш спортчилар ўртасида трек велоспорти бўйича ўтказилган мусобақаларда ҳам ғолиблик қилиб, жаҳон чемпиони бўлган. Ольга Забелинская бир неча чет тилларни яхши билади ва бу тилларда бемалол сўзлаша олади. У оиласи билан 2011 йилдан буён Кипр оролларида яшайди.
О. Забелинская 2012 йилда Россия чемпионатида ғолиб бўлган ва Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган. Лекин ўша йили Лондонда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида кучли ёмғир остида ўтган гуруҳ велопойгасида финишга яқин қолган кезларда Ольга ўзидан анча ёш бўлган яна икки нафар спортчи билан бошқалардан анча илгарилаб кетган. Аммо, у бу икки спортчига муносиб рақобатчи бўла олмаган. Шунинг учун ҳам Ольга олимпиаданинг кумуш медалига сазовор деб топилган. Бундан ташқари, у ўша олимпиадада яна битта кумуш медални қўлга киритишга муваффақ бўлган.
2016 йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари пайтида якка пойга бўйича 29,7 километр масофани алоҳида стартлар орқали 44 дақиқа-ю 31, 97 сонияда босиб ўтиб, бронза медалга сазовор бўлган.
2016 йилда Европа чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритган.
2018 йилнинг июль ойида Ольга Забелинская Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилди. Шу тариқа, у Ўзбекистон фуқаросига айланди. Шундан сўнг, Россия Велоспорт Федерацияси (ФВСР) спортчи Ольга Забелинскаяга нисбатан «уч йиллик карантин» эълон қилиш ниятида эканлигини маълум қилди. Демак, Олимпия хартияси қоидаларига мувофиқ равишда айтадиган бўлсак, эндиликда Ўзбекистон спортчиси ҳисобланадиган Ольга Забелинская уч йил мобайнида, яъни 2021йилнинг июль ойига қадар мусобақларда, шунингдек, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларида ҳам Ўзбекистон байроғи остида иштирок эта олмайди. Юқорида келтирилган тафсилотлар ҳамда тегишли маълумотлар асосида Республика миқёсида нашр этиладиган “Якка кураш олами” журнали таҳрияти Россия оммавий ахборот воситалари уч карра Олимпиада ўйинлари чемпиони, моҳир велопойгачи Ольга Забелинская ҳақида тарқатилатган уйдирма гапларни нохолис деб ҳисоблайди ва рад этади ҳамда ушбу спортчи обрўсини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.