# Tags
#Бокс

Замонамиз қаҳрамони, бокс бўйича оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ҳақида

Бугунги кунда бокс спорти ишқибозлари томонидан замонамиз қаҳрамони сифатида эътироф этилаётган Баҳодир Жалолов ҳақидаги ушбу мақолани ёзиш ва эълон қилишга боксчи билан бир неча йилдан буён таниш эканлигим туртки берди. Чунки мен бундан икки йил аввал, аниқроғи, 2017 йилда бир саҳифалик “Узбекская школа бокса” (“Ўзбек бокс мактаби”) деб номланган мақола тайёрлаб, уни вилоятимизда рус тилида чоп этиладиган “Заря Сурхана” газетасининг 2017 йил 28 октябрдаги 20-сонида эълон қилган эдим. Мақолада оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган Баҳодир Жалоловнинг бокс оламидаги халқаро рингларида шуҳрат сари ташлаган илк қадамлари тўғрисида ҳикоя қилинган эди. Энг муҳими, мақола муаллифи сифатида мен воҳамизда спортнинг бу турини янада ривожлантириш, оммалаштириш мақсадларини кўзлаган эдим. Шу туфайли қалбида келажакка умид учқунлари баралла сезилиб турган Баҳодир Жалоловнинг ўзига хос иқтидорини ёшларга ибрат қилиб кўрсатишга интилгандим.

Афсуски, ушбу мақолани қўллаб-қувватлаш, уни янада кенгайтириш ва долзарблаштириш орқали кенг омма эътиборига етказиш ўрнига, кутилмаганда баъзи бир тазйиқларга дучор этилди. Гап шундаки, мақолани ўзбек тилига ўгириб, сўнгра “Сурхон тонги” газетасида эълон қилишга вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ёрдамчиси Темур Қобилов ўзини кучли спорт мутахассиси ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини назорат қилувчи етук билимдони санади шекилли, қаршилик қилиб туриб олди. Яъни, менинг рус тилида битилган “Ўзбек бокс мактаби”, “Эркин кураш бўйича ўзбек мактаби”, шунингдек, Сурхонлик миллий кураш полвонлари, дзю-до спорти усталари тўғрисидаги кўплаб бошқа мақолаларимни таржима йўли билан “Сурхон тонги” газетасида ўзбек тилида эълон қилинишини маън этди.

Ўрни келганда эслатиб ўтиш лозимки, мен Баҳодир Жалоловнинг отаси Исомиддин Жалолов билан ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан эътиборан яхши таниш эдим. Чунки ўша унутилмас тўқсонинчи йиллар бошида Исомиддин Жалолов Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноий қидирув бўлимида тезкор ходим бўлиб ишлаётганди. Мен, яъни ушбу мақола муаллифи Ғофур Юлдошев эса, Термиз темир йўл станциясида жиноий ишлар бўйича тезкор ходим сифатида фаолият юритаётгандим. Исомиддин ака билан танишиб, дўстлашувимиз ана шу касбий хизмат вазифаси туфайли эди. Ўртада ўрнатилган дўстона алоқалар, қолаверса, хизмат сафари тақозоси билан мен Исомиддин Жалоловнинг Сариосиёдаги МСУ қўрғонида жойлашган уйида кўп маротаба меҳмон бўлгандим. Қолаверса, кураш бўйича Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларининг бўлажак чемпиони Махтумқули Маҳмудов билан ҳам ўртамизда дўстлик ришталари бор эди. Шунда мен Исомиддин Жалолов ва Махтумқули Маҳмудобилан дўстлигимиз янада мустаҳкамланиб кетди. Чунки мен ҳам, Махтумқули Маҳмудов ҳам Баҳодир Жалоловнинг келажагига умид кўзи билан қарардик. Орадан йиллар утиб 2017 йили Термиз шхрида мен ёш боксчи Баҳодир билан узим шахсан танишгач, Ана шу дўстлик ва спортнинг бокс тури бўйича иқтидорини намоён этиб келаётган Жалолов Боходир ҳақида мақолалар ёза бошлагандим. Мамнунманки, Боҳодир Жалолов худо рахмат отасини ва мурабиийлари ҳам ишончимни оқлади, бугунги кунга келиб бокс бўйича жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлиб, юзимизни ёруғ этди.

Шу ўринда мулоҳаза сифатида бир фикрни айтиб ўтмоқчиман. Бундоқ ўйлаб кўрилса, мустақиллигимизнинг орадан ўтган 28 йили мобайнида, яъни 1991 йилдан то 2019 йилга қадар, на Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, на Журналистлар ижодий уюшмаси аъзолари томонидан спортчилар ҳақида бирорта китоб ёки юпқагина бўлса-да рисола ёзилиб, эълон қилинмагапн экан. Ваҳоланки, жуда кўплаб хорижий мамлакатларда, хусусан, АғШ ва Европа давлатларида бу ишга ниҳоятда жиддият билан қарашади. Яъни, турли афсоналарга асос бўлган чемпионларнинг шахсий ва спортдаги ҳаёти, эришаётган ғалабалари, унвону совринлари тўғрисида тез-тез китоблар нашр этиб турилади. Бир сўз билан айтганда, бундай шарафга лойиқ топилган спортчилар ҳаёти ва эришаётган ютуқлари турли усулларни қўллаган ҳолда кенг ва атрофлича тарғиб қилиб борилади.

Масалан, тўрт марта – 1936-, 1938-, 1939- ва 1941- йилларда “Ринг” деб номланган журнал рейтинги бўйича “Йилнинг энг кучли боксёри” сифатида эътироф этилиб, оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган америкалик профессионал боксчи Джо Луис, шунингдек, енгилмас боксчи-профессионал, оғир вазн тоифасида 1952 йилнинг 3 сентябридан, то 1956 йилнинг 30 ноябрига қадар мутлоқ жаҳон чемпиони деган номни шарафлаб турган Рокки Марчиано, 1952 йилда ўтказилган олимпиада ва жаҳон чемпионатида оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Флойд Паттерсон, афсонавий боксчилар Муҳаммад Али, Майк Тайсон номини бутун дунё аҳли ана шундай тарғиб қилишлар, улар ҳақида битилган китоблар, рисолалар орқали яхши билиб олганлиги, ўзлари эса дунёнинг энг машҳур кишилари сифатида танилганлиги бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Худди шунингдек, яқинда Украинада миллат боксчилари ҳақида ҳикоя қилувчи “Золото нации” (“Миллат олтинлари”) деб номланган китоб рангли суратлар билан безатилган ҳолда, жуда чиройли муқовада нашр этилди. Китоб муаллифи Горюновнинг ёзишича, Украина жаҳон бокс спорти тарихида нафақат ака-ука Кличколар билан ўзига хос ном қолдирди, балки яна бир миллий замонавий қаҳрамонни тарих саҳифаларига олиб олиб кирди. Бу боксчи – “енгилмас” дея эътироф этилган Александр Усикдир. Александр профессионал боксчи сифатида биринчи оғир (яъни, 90,7 килограммгача) ва оғир (яъни, 90,7 килограммдан юқори) вазн тоифаларида рингга чиқади. Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Александр Усик 2018 йилда мутлоқ жаҳон чемпионлигини, замонавий профессионал боксчилар тақдирланиши мумкин бўлган барча обрўли белбоғлар соҳибидир.

Миллатнинг машҳур боксчи-спортчилари номи ва ғалабасини тарғиб қилиш ҳақида сўзлаганда, хорижий давлатларда бу борада ибратли ишлар қилинаётганлигини бежиз таъкидлаб ўтаётганим йўқ. Чунки яна мисолларга мурожаат қилиб айтадиган бўлсам, фикримга Буюк Британияда ҳар йили спортга оид 110 мингдан ортиқ янги номдаги китоблар чоп этилаётганлиги ёрқин мисол бўла олади. Россияда эса бу кўрсаткич 130-140 мингтани ташкил этади. Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳақида сўзлаганда эса, бир йилда атиги 100 та номдаги китоблар чоп қилинишини айтиб ўтиш мумкин. Бу нашрларнинг ҳам каттагина қисмини дарсликлар, ўқув қўлланмалари, услубий рисолалар ва турли норматив актлар акс эттирилган китоблар ташкил этади. Спортга оид бадиий асарлар эса деярли йўқ ҳисобида.

Чунки бизнинг Ўзбекистонимизда бор-йўғи биттагина спорт ва спортчига оид бадиий китоб нашр этилган, холос. У ҳам бўлса, Суҳроб Муҳамедовнинг 1997 йилда Тошкентдаги собиқ “Ёш гвардия” нашриётида 10 минг нусхада чоп этилган “Чемпион бўлиб туғилмайдилар” деб номланган бадиий қиссасидир. Китоб “Тошкент йўлбарси” номини олган афсонавий ўзбек боксчиси, 1974 йилда Кубанинг Гавана шаҳрида бўлиб ўтган чемпионатда ўзбеклардан биринчи бўлиб бокс спорти бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган, 1976 йилда Монреалда ўтказилган XXI Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори бўлган Руфат Рисқиевга бағишланган. Афсуски, бугунги кунга қадар ана шу китобдан ташқари спорт мавзусида, яъни ўзбек яккакурашчилари, дзю-до кураши усталари, грек-рим ҳамда эркин кураш полвонлари тўғрисида, бу кураш турларининг мазмун-моҳияти, ўзига хосликлари, усуллари ҳақида бирорта ҳам китоб яратилган эмас. Негаки, бу мавзудаги китобларни чоп эттириш ниҳоятда қийин иш. Чунки спорт мавзусида бирор нарса ёзган муаллифлар нашриёт ходимлари томонидан ҳамиша тундлик, ошкора нописандлик билан қарши олинади. Масалан мен, спорт маҳорати жиҳатидан ноёб иқтидорга эга, қатор олимпиада мусобқаларида иштирок этган яккакурашчилар, жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлган спортчилар ҳақида китоб тайёрлаган эдим. Афсуски, мазмун ва мундарижасига кўра, Сурхон спортчилари қандай ютуқларга эришаётганлигидан далолат бўлувчи бундай ноёб китоб маҳаллий ҳокимият томонидан турли тўсиқларга дуч қилинди. Яъни, совуққонлик ва эътиборсизлик туфайли нашр этилмай қолиб кетди.

Шу ўринда мавзуга оид яна бир афсусланарли мисол келтириб ўтмоқчиман. Агар хабарингиз бўлса, бундан икки йил аввал, яъни 2017 йилнинг 22 апрелида Россия Кураш Федерацияси қошида “Руфат Рисқиев номидаги хайрия фониди” деб номланувчи жамғарма ташкил этилганди. Негадир бу фонд кўп ҳолларда “юридик шахс мақоми берилмаган жамоат ташкилоти”, деб таништирилади. Лекин у, аслида, ҳуқуқий субъект ҳисобланади. Чунки бу ташкилот ўз муҳри, штампи ва махсус хизмат бланкасига, муассиснинг банкдаги ҳисоб рақамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ушбу жамғарманинг асосий мақсади афсонавий боксчи Руфат Рисқиев ҳақида китоб нашр этиш, спорт, хусусан, бокс фахрийларини ва ўз муассисини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун пул маблағлари йиғиш билан шуғулланишдан иборат. Жамғарманинг асосий молиявий манбаси “чарити-шоп” тарзидаги “секонд-хонд” хайрия дўкони ҳисобланади. Шу мақсадда, фонд учун маблағ йиғиш мақсадида Москвада хайрия акциялари ўтказилади. Ушбу дўкондан тушган даромаднинг барча сарф-харажатлардан – яъни ижара ҳақи, ходимлар маоши каби тўловлардан ортиб қолган қисми Руфат Рисқиев фондини ривожлантиришга йўналтирилиши керак. Шундай бўлса-да, икки йил ичида Россия Кураш Федерацияси қошида ташкил этилган ушбу жамғарма бу буюк ўзбек спортчиси ҳақида бирорта китоб ёки брошюра нашр эттирган эмас. Дарвоқе, агар шундай китоб чоп этилганда эди, у шубҳасиз ўзбек халқининг афсонавий боксчи ўғлони таваллудининг 2019 йил 2 октябрда нишонланган 70 йиллигига муносиб туҳфа бўлиб қўшиларди.

Ана шу ҳолатларни инобатга олиб, Республика миқёсида нашр этиладиган “Якка кураш олами” (“Мир единоборств) журнали иловаси сифатида узоқ Украинада чоп этилган “Миллат олтинлари” китобига ўхшаш ўзбек бокси тарихи ва унинг ҳозирги кунда жаҳонда машҳур буюк профессионал ҳамда тобора номи дунёга танилиб бораётган ҳаваскор боксчилари ҳақидаги ранг-баранг иллюстрациялар билан безатилган ноёб китоб яратилган бўлар эди. Энг муҳими, буюк алломалар “агар халқ орасида ўз миллий қаҳрамонлари бўлмаса, уни яратиш керак”, дегани каби эзгу ва хайрли иш амалга ошган бўлур эди. Бизда эса Ўзбекистон ёшлари ҳар жиҳатдан ибрат олса, ортидан эргашса бўладиган, замонамиз қаҳрамонлари деса арзигулик азамат спортчилар кўп. Бунга Сурхон воҳасидан етишиб чиққан миллий қаҳрамонимиз дея таърифланаётган Баҳодир Жалолов спорт ва ҳаётда эришаётган муваффақиятлар ёрқин мисол бўла олади.

Баҳодир Жалолов халқаро рингларда эришаётган ютуқлари ҳақида

Бу ҳақда сўз юритишдан аввал, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саид Мирзиёев яқинда, яъни 2019 йилнинг 27 июнида нишонланган матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан соҳа ходимлари ҳузурида чиқиш қилиш пайтида айтган сўзларини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. У самимият билан шундай деганди: “Замонавий дунёни журналистлар, муҳаррирлар, блогерлар, радио ва телебошловчиларсиз тасаввур қилиш қийин. Бугунги кунда, яъни бутун мамлакатимизда кенг қамровли бунёдкорлик ҳамда яратувчанлик ишлари олиб борилаётган бир пайтда, уларнинг меҳнати алоҳида эътиборга, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлшга лойиқдир. Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида ҳам журналистларга нисбатан бир хил – эътиборли муносабатда бўлинаётгани йўқ. Шу туфайли ҳали-ҳамон журналистларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни тўғри белгиланаётгани, шунга яраша ижобий муноабатда бўлинаётгани, фаолиятига эътибор кўзи билан қаралаётгани йўқ. Чунки журналистлар фидойилик билан тўплаётган, тарқатаётган янгилик ҳамда хабарларга нописандлик, совуққонлик кўзи билан қараш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Бу каби номақбул муносабат ахборот холислиги ва очиқлигини чеклаб қўйишга олиб келаяпти. Табиийки, бундай совуққон ва бир ёқлама муносабатлар давом этишига бефар қараб ҳам, бунга йўл қўйиб ҳам бўлмайди. Барча оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилар эканмиз, яна бир карра ишонтириб айтамизки, Агентлик қатъият билан журналистлар фаолиятини ва уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди”.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Комил Алламжонов директорлик қилаётган Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги бундан кейин чет элларда мамлакатимиз обрўсини шакллантириш ва мустаҳкамлашга қатъий бел боғлаганлигини мамнуният билан қайд этиб ўтиш зарур.

Маълумки, жорий йилнинг 8-21 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида спортнинг бокс тури бўйича эркаклар ўртасида XX жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Бу чемпионат жаҳон бокси учун йилнинг энг муҳим воқеаси бўлди. Чунки илк бор Россия бокс бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Беллашувлар “Екатеринбург – ЭКСПО” спорт аренасида бўлиб ўтди. Шуни ҳам эслатиб ўтиш ўринли бўладики, сўнги марта жаҳон чемпионати Москвада 1989 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда Россия умумжамоа ҳисобида Куба ҳамда ГДРни ортда қолдирган ва биринчиликни эгаллаб бешта олтин, иккита кумуш ҳамда тўртта бронза медалини қўлга киритган эди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) қарорига кўра, 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари олдидан ўтказилган ушбу турнирнинг “Саралаш турнири” деган мақоми бекор қилинганди. Шунга қарамасдан, Екатеринбургда бўлиб ўтган мусобақа иштирокчилар сони жиҳатидан рекорд даржасига кўтарилди. Чунки унда дунёнинг 88 давлатидан келган 467 нафар спортчи иштирок этди. Муқояса қилиб кўриш учун айтиш мумкинки, бундан иикки йил аввал Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган мусобақаларда 85 мамлакатдан 279 нафар боксчи рингга чиққан эди. Ана шу жиҳатларни инобатга олган AIBA – Бутунжаҳон ҳаваскорлик бокси ассосиацияси 2019 йилда Екатеринбургда бокс бўйича ўтказилган ЖЧни спорт тарихидаги энг яхши чемпионат деб баҳолади.

Ҳамюртимиз Баҳодир Жалолов ўз оламшумул ғалабасига ана шундай эътироф ва таърифга сазовор бўлган Екатеринбург шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатида қўлга киритди. Шу мукносабат билан Баҳодир Жалолов ҳақидаги ҳикоямизни давом эттиришдан аввал, бу қадимий ва иқтисоди ғоят юксалган шаҳар тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Екатеринбург – аҳолиси сони жиҳатидан (Москва, Санкт-Петербург ва Новосибирскдан кейин) Россияда тўртинчи ўринда турувчи йирик шаҳар. Екатеринбург иккинчи жаҳон уруши даврида собиқ Совет Иттифоқи ғалабасини таъминлашга улкан ҳисса қўшган. Чунки бу ердаги оғир машинасозлик заводи уруш йилларида бронетехника ишлаб чиқарувчи энг катта заводлардан бири ҳисобланган. ҳозирги кунда ҳам бу шаҳар ўз мавқеини йўқотган эмас. Екатеринбург жаҳондаги энг йирик иқтисодий марказлардан бири ҳисобланади.

Энди яна Баҳодир Жалолов ҳақидаги ҳикоямизга қайтиб айтадиган бўлсак, Халқаро ҳаваскор боксчилар ассосиацияси президенти Ғафур Раҳимов ўз ваколатларини 2019 йилнинг 15 умуман тўхтатганлигини эълон қилган эди. Шундан сўнг, яъни Екатеринбургда бокс бўйича XX юбилей сифатидаги жаҳон чемпионати бошлангунга қадар, интернетнинг ижтимоий тармоқларида ва айрим оммавий ахборот воситаларида ўзбек боксининг нодўстлари ғаламислик билан турли иғвогарона руҳдаги турлича туҳматли хабарлар тарқата бошлади. Бундай кимсалар ўзларининг фейклари ва нохолис хабарларида ўзбек боксининг таназзулга юз тутиши ҳақида, айниқса, Ўзбекистон бокс терма жамоасини яксон қилиш учун бокс оламида “ғолибона юришлар” бошланганлиги тўғрисида бонг уришга тушдилар. Бундай хулосага келишларга эса, гўё, ўзбек боксчиларини АИБА раҳбарияти қўллаб-қувватлаб турганлиги, қолаверса, шу Ассосиация тузган ҳакамлар ҳайъати нохолис иш тутганлиги туфайлигина бошқалар бир четда қолиб, фақат ўзбек боксчилари миллий жамоаси ноҳақ тарзда етакчи ўринларни эгаллаб келганлиги, эндиликда эса улар бундай “тиргак”дан маҳрум бўлганлиги сабаб қилиб кўрсатила бошлади. Яъни, Ғафур Рахимовнинг АИБА президенти сифатидаги ваколатларини ўз зиммасидан соқит қилиб истеъфога чиқиши, ўзбек боксчилари миллий жамоасини йўққа чиқаради, дея уқтирила бошлашди.

Бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида оғир вазнли тоифа (+91 кг)да рингга чиққан Баҳодир Жалолов ўзбек миллий бокс жамоаси шаънига билдирилган барча бемаъни ва ноҳақу нохолис “айблов”ларни бутунлай йўққа чиқариб ташлади. У шахсан ўзи турли мамлакатлардан келган реал боксчиларни рингда мағлуб этди. Шу тариқа у ижтиомий тармоқларда, баъзи бир оммавий ахборот воситаларида жаҳон чемпионати бошлангунга қадар тинимсиз тарқатилиб турган хабарлар мутлақо ёлғон ва асоссиз эканлигини, ўзбек миллий бокс жамоаси ўзининг юксак маҳорати билан ўз Ватани ва шахсий шаънини муносиб ҳимоя қила олиш қудратига эга эканлигини бутун дунё олдида исбот этди.

Мусобақалар жараёнида яққол ва ёрқин кўзга ташланган яна бир муҳим ҳолатни таъкидлаб ўтиш зарур. Эслатиб ўтганимиздек, XX- “Бокс бўйича жаҳон чемпионати – 2019” нинг юбилей мусобақалари Екатеринбург шаҳридаги “Екатеринбург – ЭКСПО” спорт аренасида бўлиб ўтди. Ана шу муҳташам спорт аренасига тўпланган минглаб бокс ишқибозлари кўз ўнгида ўзбек миллий руҳи баралла сезилиб турди. Чунки бокс бўйича миллий жамоамиз билан бирга юртдош боксчиларимизни қўллаб-қувватловчи ашаддий мухлислар ҳам Екатеринбургга келишганди. Айниқса, спорт аренаси залида боксёрларнинг яккама-якка ҳолда шиддатли жанглари бошланиши олдидан карнай-сурнай ҳамда доира садоларининг янграб туриши барчанинг диққатини ўзига жалб этди. ҳатто, беллашувларни шарҳлаб бораётган спорт шарҳловчилари ҳам ушбу чемпионат Россияда эмас, гўё Ўзбекистон шаҳарларидан бирида бўлиб ўтаётгандай туюлмоқда, дея эътироф этишдан ўзларини тия олмадилар.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, юртдош боксчиларимиз рингга кўтарилган кезларда минг-минглаб меҳнат мигрантлари боксчиларимизни олқишлаб, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туришди. Бу олқишларда эса миллий ғурур ва фахр руҳи баралла сезилиб турди. Жаҳон чемпионатининг илк кунлариданоқ “дўзахий нокаутчи” дея таърифлана бошлаган Баҳодир Жалолов чинакамига шов-шув яратди. Чунки у биринчи раунддаёқ ўзининг америкалик рақибини чуқур нокаут ҳолатига туширишга муваффақ бўлди. Биринчи кучли зарбадаёқ мағлуб бўлган америкалик боксчи Ричард Торресни рингдан замбилда олиб чиқиб кетишди. Бу ҳолат 2019 йилнинг 18 сентябрида 91 килограммдан юқори оғир вазн тоифасидаги боксчилар жанги пайтида рўй берганди. Жангдан сўнг, боксчи Ричард Торрес шифохонага ётқизилди. ҳарқалай, Ричардни рингдан замбилда олиб чиқишган бўлишса-да, кейинроқ мустақил равишда “Тез ёрдам” машинасига ўз оёғи билан юриб борди ва уни Екатеринбургдаги клиникалардан бирига олиб бориб ётқизишди.

Ана шу ютуғи билан воҳадошимиз Баҳодир Жалолов Ўзбекистон миллий бокс жамоаси тўплаётган медаллар шодасини жаҳон чемпионатининг учинчи олтин медали билан бойитди. Натижада турнир давомида ўзбек боксчилари қўлга киритган медаллар сони бештага етказилди. Шундан сўнг, яна иккита “олтин”ни бухоролик боксёр Шаҳобиддин Зоиров ҳамда фарғоналик боксёр Миразизбек Мирзахалилов, йигирма ёшли хоразмлик боксёр Дилшод Рўзметовт битта кумуш, жиззахлик боксёр Бобоусмон Ботиров бронза медални қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бокс бўйича Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган XX жаҳон чемпионатида 8 нафар ўзбек боксчилари фаол иштирок этишиб, турнир якунига кўра 5 та совринни қўлга киритишди, шундан 3 таси олтин медалдан иборат бўлди.

Бокс бўйича миллий жамоамиз ана шундай улкан ютуққа эришган бўлса-да, жаҳон чемпионати жараёнларида ҳамюрт боксчиларимизни афсуслантирадиган ҳолатлар ҳам бўлди. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида 1998 йил 18 августда туғилган Санжар Турсунов 91 килограммгача бўлган вазн тоифасида рингга чиқди, лекин афсуски, у айрим кутилмаган сабабларга кўра, ярим финал беллашувларига етиб бора олмади. Ваҳоланки, Санжар Турсунов бундан аввал ўтказилган World Series Boxing турнирларида “Uzbek tigers” (“Ўзбек йўлбарслари”) ярим профессионал боксчилар клуби таркибида муваффақиятли иштирок этганди.

Шунингдек, Санжар Турсунов 2017 йилда бокс спорти бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионати совриндори, 2019 йилда ўтказилган Осиё чемпионатининг финалисти ҳам ҳисобланади. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Санжар Турсунов 19 ёшида 2017 йил 31августда 91 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги боксчи эркаклар ўртасида Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати ярим финалида 27 ёшли Россия терма жамоаси аъзоси Евгений Тишенко билан рингга чиққан эди. Евгений Тишенко – Олимпия чемпиони (Рио-2016), жаҳон чемпиони (2015), Европа чемпиони (Катар 2015, 2017), Универсиада чемпиони (2013) ва жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳиби (2013) ҳисобланади. Навқирон ўн тўққиз ёшли ҳамюртимиз Санжар Турсунов бокс бўйича кўплаб совринлар соҳиби, тажрибакор йигирма етти ёшли ана шундай боксчи билан биринчи марта рингга тушган ва унга муносиб қарши тура олган эди. Бу боксчи ундан тўплаган очколари ҳисобидан бир оз устунлик қилганди ва ўшанда Санжар Трусунов бронза медалига сазовор бўлганди.

Боксчиларимизнинг Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эришган ғалабаси – Ўзбекистон учун ютуқ, ёшларга ибратдир

Ҳа, боксчиларимиз Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида баъзилар наздида кутилмаган муваффақиятга эришдилар. Аслида ҳам шундайми, боксчиларимиз тасодиф туфайлигина бундай шарафга эришдиларми? Йўқ, албатта. Ушбу салмоқли ютуғимизни бутун дунё бокс олами сўзсиз эътироф этганлигининг ўзиёқ, “кутилмаган муваффақият” дегувчиларнинг фикри нотўғри ва ноўрин эканлигини кўрсатиб турибди. Чунки Ўзбекистонлик ҳар бир боксчи азамат рингда ўзини ишонч билан тутганлиги, жанг пайтида эса боксга хос барча тактик-техник комбинацияларни устамонлик ва маҳорат билан қўллай олганлиги, айниқса, рақиб билан жангга киришишда ўзларини худди океандаги балиқ сингари эркин тутганлиги ютуқларимизнинг бош омили бўлди. Бунга ҳамюрт боксчимиз, бухоролик Шаҳобиддин Зоировнинг енгил вазн тоифасида ҳиндистонлик боксчи устидан ғалабага эришиб, чемпионатнинг биринчи олтин медалини қўлга киритганлиги ёрқин мисол бўла олади. Ёки навбатдаги шов-шувли муваффақиятни қўлга киритган фарғоналик ёш боксчи Миразиз Мирзахалиловнинг жаҳон чемпионатларида икки карра бронза медали совриндори, уч карра жаҳон чемпиони кубалик боксчи Ласаро Альварес Эстрадани мағлуб этиб, иккинчи олтин медаль соҳибига айланиши ҳазилакам гапми?

Оғир вазн тоифасида рингга чиққан сурхондарёлик боксчи Баҳодир Жалоловнинг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиши эса бокс спорти бўйича Ўзбекистон миллий бокс жамоасининг обрўсини, айниқса, бу жасоратли ўғлон таваллуд топиб вояга етган Ўзбекистон шарафини янада юксаларга кўтаришга олиб келди. Чунки Баҳодир Жалолов ярим финал жангларида россиялик машҳур боксчи, Россиянинг халқаро миқёсдаги спорт устаси, Россия бокс терма жамоаси аъзоси, Россия чемпиони (2015), бокс бўйича Европа чемпионатининг бронза медали соҳиби (2017), 31 ёшли Максим Бабанин билан рингга тушди. Муросасиз ўтган жанг пайтида Баҳодир маҳоратли боксчи эканлигини такрор намойиш қилди ва рақибини анча устунлик билан мағлуб этди.

Худди шунингдек, бизнинг оғир вазнли боксчимиз Баҳодир Жалолов рингда чарм қўлқоп билан жангга киришишда россиялик Максим Бабаниндан ташқари, қозоғистонлик боксчи Қамчибек Қўнқабоевдан ҳам устун эканлигини яна бир бор исботлади. Чунки Баҳодир 2017 йилнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати финалида 91 килогрммдан ортиқ вазн тоифасида Камчибек ғўнқабоев билан рингда учрашган ва иккала боксчи муросасиз жангга киришган, ўшанда Баҳодир ғолиблик қилиб, чемпионатнинг олтин медалини қўлга киритган эди. Қўнқабоев ҳақиқатан ҳам унга муносиб рақиб эди. Чунки Қамчибек Қўнқабоев бундан аввал бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг (2017) кумуш медалига, худди шу йили ўтказилган Осиё чемпионтининг ҳам кумуш медалига сазовор бўлганди. Шунингдек, у 2014 йилда ҳарбий хизматчилар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритганди. Шуларни назардан қочирмаган ҳолда айтадиган бўлсак, Баҳодирнинг спорт йўли рақиби ғамчибекникидан асло кам эмасди. 2017 йилнинг августида Б. Жалолов Гамбургдаги чемпионатда иштирок этганди ва 1/8 финалда даниялик Кем Юнгвистни биринчи раунддаёқ нокаутга учратиб, ғалабага эришганди. Аммо чорак финалда эса, у эски “рақиби” Қамчибек билан деярли тенг даражада жангга киришиб 2:3 ҳисобида унга ютқизиб қўйганди ва Қўноқбоев ўшанда чемпионатнинг кумуш медалини олганди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, қозоғистонлик боксёр Қамчибек Қўнқабоев “Astana Arlans”да, шунингдек, AIBA назорат қиладиган халқаро боксёрлар ассосиацияси – Ярим Профессионал Бокс Лигаси (The World ёки WSB)да ҳам 91килограмдан ортиқ вазн тоифасида рингга чиқади. Анъанавий ҳаваскорлик боксидан фарқли ўлароқ, бу ассосиация аъзолари рухсат этилган жангларга боксчилар ҳимоя шлемларисиз, очиқ тана билан иштирок этишлари мумкин. Шунингдек, бундай боксчиларга худди профессионал боксчилар каби пул ишлаб олишга ҳам рухсат этилади. Шунга қарамасдан улар ҳам ҳаваскор мақомида бўладилар ва олимпия ўйинларида қатнаша оладилар.

Хуллас, бокс оламида ана шундай бой тажриба орттирган Қамчибек Қўнқабоевнинг боксчи сифатидаги жанговар руҳини Баҳодир Жалолов синдиришга муваффақ бўлди. Бундай “синдириш” эса Баҳодир томонидан маҳоратли тарзда қўлланилган “джеба” усули орқали юзага келди. Шундан сўнг, Қамчибек Қўнқабоев уч раунд давомида ҳам яқиндан жангга киришишга интилди, аммо, Клинч”дан нарига ўтолмади ва оқибатда ҳал қилувчи жангни бой берди. Чунки Баҳодир Жалолов ҳар учала раунд давомида ҳам XX асрнинг афсонавий боксчиси сифатида эътироф этилган Муҳаммад Али тактикаларига ўхшаш ҳолатларда рингда ҳаракатланди. Шунинг учун ҳам Баҳодир Жалолов рингда Муҳаммад Али тактикасини қўллаган куйи худди “капалакдек енгил ҳаракатланишга, аридек чақишга” муваффақ бўлди. Шунинг учун бу иккала оғир вазнли боксчи ўртасидаги “чарм қўлқоплар жанги” жуда қизиқарли ва томошабоп бўлди. Шунинг учун ҳам залда ўтирган мухлислар ўта завқландилар, оғир вазнли Баҳодир Жалолов эса ажойиб бир тарзда, яъни бокс эмас, гўё енгил рақс тушаётгандек ринг бўйлаб ҳаракатланди. Бизнинг миллий чолғу созларимиз бўлмиш карнай-сурнай ва доира оҳанглари боксчиларимизнинг ҳар бир рингга чиқишлари олдидан шундай баланд оҳанглар билан жаранглаб турдики, бу мухлислар завқини ўн чандон орттириб юборди. Бу энди, ҳақиқий “драйв” ҳолатига тенг манзара бўлди. Энг қизиғи эса, учала раундни ҳам муваффақият билан якунлаган Баҳодир Жалолов мухлислар ва томошабинларни лол қолдирган ҳолда “тарзан” деб номланувчи сакрашни маҳорат билан уч марта бажарди ва худди енгил атлетикачи мисол ринг канатлари устидан чаққонлик билан сакраб ўтди. Бу унинг кучли қувват соҳиби эканлигидан далолат эди. Баҳодир Жалолов болалигини Сурхон воҳасининг Сариосиё туманидаги субтропик ҳудуд саналувчи Сангардак қишлоғида яшовчи қариндошлариникида ўтказган. Шу боис, чаққонлик ва эпчилликни тоғлардаги тошлар ҳамда ўзига хос гўзаллик билан атрофга ажиб манзара кашф этиб турувчи дарахтлар устидан сакрайвериб, пухта ўзлаштириб олган.

Чемпионатнинг медаллар ҳисоби. Энг кучли учлик.

  1. Ўзбекистон – 5 та медаль (3 та олтин, 1та кумуш, 1 та бронза).
  2. Россия – 4 та медаль ( 3 та олтин, 1 та бронза).
  3. Қозоғистон – 6 та медаль (1та олтин, 1та кумуш, 4 та бронза).

Leave a comment

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *